Ака-ука, укасини қимордан қутқармоқчи бўлиб, унинг ўлимига сабаб бўлди

Самарқанд шаҳрида қиморга берилиб кетган йигит устидан назорат ўрнатиш мақсадида оғир жиноят содир этилди. Ака-ука уни “тарбиялаш” баҳонасида дарахтга боғлаб, электр кабели билан калтаклаган. Бунинг оқибатида ука жон берди, деб хабар берди “Замон” дастури.
Маълумотларга кўра, фожиа жорий йилнинг 20 июнь куни содир бўлган. 29 ёшли марҳум интернетдаги таваккалчилик ва қимор ўйинларига қаттиқ берилган. Унинг қарзлари кўпайгани сабабли оиласи бу вазиятни назорат қилишга ҳаракат қилган. Аммо бу ҳаракат фожеа билан якунланган.
Ҳодиса куни ака-ука укасини боғлаб, унга бир неча бор жисмоний зарба берган. Электр симлари билан уриш натижасида у оғир тан жароҳатлари олган. Йигит уйга олиб кирилгандан сўнг ҳолсизланиб, вафот этган.
Марҳумнинг рафиқаси суд жараёнида айтганидек, у эридан ёмонлик кўрмаган, кредит қарзларини ҳам мустақил тўлаб келган. “Қайнакам ‘шу йўл билан тўғри бўлади’ деб ўйлаган, лекин эрим воқеадан олдин қарзини тўлаб бўлганди”, — деган у кўз ёши билан.
Воқеа вақтида марҳумнинг ота-онаси Россияда бўлган ва улар судда ҳам жабрланувчи, ҳам даъвогар сифатида қатнашишган.
Самарқанд шаҳар суди айбланувчиларга ҳукм ўқиди. Суд хулосасига кўра, марҳумнинг акаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди ва 138-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилди. У 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Укаси эса 6 йил 6 ой қамоқда ўтайди.
Мутахассислар таъкидламоқда: бу фожеа қимор иллати нафақат мол-мулк, балки инсон ҳаётини ҳам йўқ қилишини яна бир бор исботлади. Қиморга қарши кураш — фақат ҳуқуқий эмас, балки маънавий вазифадир.