Истанбул – қадим тарих ва маданият ўчоғи

Истанбул – Осиё ва Европа қитъасини бирлаштирган, тарихий ёдгорликлари, бой ошхона маданияти ва қулай дам олиш масканлари билан миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилган шаҳардир. Ушбу мафтункор метрополга 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 13,5 миллион сайёҳ ташриф буюрди.
Истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилувчи Which? ташкилотининг сўров натижаларига кўра, Истанбул 2025 йил Европанинг энг яхши беш дам олиш жойларидан бири сифатида эътироф этилган. Шу билан бирга, нуфузли Reader’s Choice Awards танлови доирасида Condé Nast Traveller журнали ўқувчилари ҳам Истанбулни оилавий саёҳатлар учун энг қулай шаҳарлардан бири сифатида танлаган.
Икки қитъа бағридаги бебаҳо хазиналар
Истанбул – тарих ва маданият ўчоғи. Шаҳар минг йиллар давомида империялар томонидан шаклланган бой маданий меросга эга. ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Тарихий ярим орол маданий кашфиётни бошлаш учун энг муносиб маскан саналади. Бу ҳудудда дунёга машҳур Ая София, Мовий масжид, Еребатан сардони ва Топкапи саройи жойлашган. Бир неча қадам нарида эса Катта бозор ва Зираворлар бозоридаги турфа ранг, ҳид ва товушларнинг бетакрор уйғунлиги ҳайратга солади. Бу манзара асрлар давомида яшаб келаётган Истанбулнинг жонли савдо руҳини акс эттиради.
Бир томонда кузнинг олтин нурлари Босфор бўғозини ёритиб турар экан, бошқа томонда қирғоқ бўйидаги муҳташам қасрлар, тўлқинлар узра рақсга тушаётган чайкалар ва осмонўпар масжид-у миноралар шаҳар манзарасига ўзига хос кўрк бағишлайди. Ҳар бир кўча алоҳида дунё: Истиқлол кўчасининг жўшқин ҳаёти, Галатапортнинг денгизбўйи жозибаси ҳамда Каракўйнинг ҳилват гўшалари беихтиёр ўзига тортади. Тор кўчаларда жойлашган замонавий кафелар, музейлар, санъат галереялари ва бутик дўконлар шаҳар атмосферасини бойитади. Истанбулнинг чинакам бадиий руҳини ҳис қилиш учун Истанбул Модерн, Ататурк маданият маркази, Артер ва Мешер каби санъат масканларига ташриф буюриш кифоя.
Истанбулда маданият фасли
Куз фаслида Истанбулнинг маданий ҳаёти жонланади. Шаҳар кўплаб тадбир ва фестивал дастурлари билан янада гавжум бўлади.
Истанбул Кино музейида “The Art of James Cameron” номли кўргазма ўтказилмоқда. Унда таниқли режиссёр Жеймс Кемероннинг 300 дан ортиқ асари намойиш этилади. 27 сентябрда очилган ушбу кўргазма олти ой давомида томошабинлар учун очиқ бўлади.
Шунингдек, машҳур фотограф Стив Маккюрининг “The Haunted Eye” номли кўргазмаси ҳам санъат ихлосмандларининг қалбидан жой олмоқда. Ушбу кўргазма МСГСÜ Топҳане-и Амире маданият ва санъат марказида 30 ноябргача давом этади.
Бу йили Кристин Томе бошчилигида “Уч оёқли мушук” мавзусидаги Истанбул Биенналеси ҳам ўз фаолиятини бошлайди. Ушбу халқаро санъат форуми 2025–2027 йиллар давомида уч босқичда ўтказилиб, турли бадиий йўналишларни ўз ичига олади.
Деярли 50 йилдир Австрияда ўтказиб келинаётган ва “технологик санъатлар” соҳасидаги энг нуфузли фестивал сифатида тан олинган Ars Electronica дастури бу сафар Истанбул санъат аҳли билан Зорлу ПСМ саҳнасида 21–28 октябрь кунлари учрашади.
Истанбул Маданият ва санъат жамғармаси томонидан ташкил этилган 29 Истанбул Театр фестивали 20 октябрь куни ўз эшикларини очади. Фестивалда Туркия ва хориждан 16 та театр ҳамда рақс томошалари намойиш этилади ва 22 ноябргача давом этади.
Узоқ йиллик ошхона маданияти
Кузги Истанбул саёҳати том маънода таом саргузаштига айланади — ахир бу шаҳар лаззатлари билан инсонни ўзига ром этишни жуда яхши билади. Ҳар куни завқ билан истеъмол қилинадиган анъанавий турк нонушталари, лола шаклидаги стаканларда бериладиган иссиқ чой, симит, шунингдек, зираворли кокореч, турли соуслар билан тайёрланган кумпир (печда пиширилган картошка) ва миде дўлма каби кўча таомларининг бетакрор дунёси Истанбулни янада жозибали қилади!