Япония айиқлар ҳужуми кучайиши сабабли лицензияланган овчиларни жорий қилишни режалаштирмоқда

Япония айиқлар ҳужуми кучайиши сабабли лицензияланган овчиларни жорий қилишни режалаштирмоқда

Япония ҳукумати мамлакат бўйлаб айиқлар ҳужумлари сони ортиб бораётганига қарши курашиш мақсадида янги лицензияга эга овчиларни жалб этиш режаларини эълон қилди.

Вазирлар маҳкамаси бош котиби Минору Кихара таъкидлашича, айниқса мамлакатнинг шимолий ҳудудларида айиқлар сони сезиларли даражада кўпайган. Апрель ойидан бери уларнинг ҳужумлари 12 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган ва бу жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда, деб ёзади The Japan Times.

Экология, таълим, қишлоқ хўжалиги, ички ишлар, транспорт ва мудофаа вазирликлари ҳамда Жамоат хавфсизлиги миллий комиссияси вакиллари иштирок этган йиғилишда ҳужумларга қарши кураш чоралари муҳокама қилинди. Фавқулодда ҳолатларда айиқ отиш ҳуқуқига эга ходимлар сонини кўпайтириш, маҳаллий лицензияга эга овчиларни жалб қилиш ва бу мақсадлар учун қўшимча бюджет маблағларини ажратиш таклифи илгари сурилди.

Таълим вазири Ёхэй Мацумото таъкидлашича, сўнгги пайтларда ҳатто мактаб ҳовлиларида ҳам айиқлар кузатилмоқда. У болалар хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини айтиб, мактабларда хавфсизлик чораларини кучайтириш учун маҳаллий полиция бўлимлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилишини маълум қилди.

Мудофаа вазири Синдзиро Коидзумининг сўзларига кўра, апрель–сентябрь ойларида айиқлар ҳужумида 19 киши яраланган, ҳалок бўлган ҳолатлар асосан Акита префектурасида қайд этилган. Ҳарбийлар бу ҳудудларда айиқларни қўлга олиш ишларини қўллаб-қувватлайди.

Япония Атроф-муҳит вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг апрель ойидан буён айиқ ҳужумлари натижасида 12 киши ҳалок бўлган, ўтган йилнинг шу даврида эса атиги 3 киши қурбон бўлган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: