Аллергиянинг яширин сабаблари
Сўнгги йилларда аллергия билан боғлиқ шикоятлар ортиб бормоқда. Кўпчилик гул чанги, озиқ-овқат ёки чангга аллергияси борлигини билади, бироқ муаммо аслида ундан кўра кенгроқ ва кўпроқ яширин сабабларга эга бўлиши мумкин.
Дерматологлар ва аллергологлар фикрига кўра, сифатсиз косметика, ювиш воситалари, ҳаводаги кимёвий моддалар ва ҳатто сунъий ҳидлар ҳам организмда кучли аллергик реакция чақириши мумкин. Бундай таъсирлар кўпинча теридаги тошма, қичишиш, кўнгил айниши ёки бўғилиш билан намоён бўлади.
Мутахассислар аллергияга қарши курашда фақат дори воситаларига таянмаслик, балки ҳаёт тарзини таҳлил қилиш, кундалик фойдаланилаётган маҳсулотлар таркибига эътибор беришни тавсия этмоқда. Сабаб кўринмас, аммо таъсири жиддий бўлиши мумкин.
