Ўзбекистонда тўловларга ягона универсал QR-код жорий этилади

Ўзбекистонда тўловларга ягона универсал QR-код жорий этилади

Ўзбекистонда QR-кодлар орқали тўловларни амалга оширишни бир хил стандартда йўлга қўйиш ва барча учун қулай ягона тизим шакллантириш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг “Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида расман белгиланди.

Қарорда айтилишича, Марказий банк 2025 йил декабрь ойида универсал QR-код бўйича пилот лойиҳани банклар ҳамда тўлов ташкилотлари иштирокида синов тариқасида амалга оширади. 2026 йил январь ойига келиб, универсал QR-код билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб тасдиқланади. Шундан сўнг, 2026 йил феврал ойида тўлов хизматлари бозорида тўлиқ ишлайдиган универсал QR-код амалиётга жорий этилади.

Апрель ойида Марказий банк Тўлов тизимлари департаменти раҳбари ўринбосари Миразиз Мирҳаётов мамлакатда нақд пулсиз тўловларда ягона тўлов QR-коди яратиш бўйича режаларни очиқлаганди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда кўплаб савдо нуқталарда тадбиркорлар бир нечта турли тўлов хизматларининг QR-код тахтачаларини қатор қилиб қўяди, бу эса харидорлар учун ноқулай вазиятларни келтириб чиқаради.

“Биз ягона стандартни жорий этишни мақсад қилганмиз. Унинг асосида ҳар бир ташкилотга ягона QR-код ўрнатилади ва мижоз шу битта QR-код орқали истаган мобил илова ёки истаган тўлов хизмати билан тўлов амалга ошириши мумкин бўлади”, — дея Мирҳаётовнинг сўзларини Spot нашри келтирган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда айнан шу масалага тўхталиб, тадбиркорлар учун барча мобил тўлов иловалари орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини берувчи универсал QR-код жорий этилишини таъкидлаганди.

Ягона QR-код орқали тўлов қилиш имконияти мамлакатда тўлов маданиятини янада осонлаштириши, сотувчилар учун ортиқча қоғозбозлик ва қўшимча ўрнатмалардан қутулиш имконини бериши, энг муҳими эса харидорлар учун бир қадамда тўлов қилиш имкониятини яратиши кутилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: