Сув тошқинлари: Индонезия, Таиланд, Шри-Ланка ва Малайзияда мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди
Индонезия, Таиланд, Шри-Ланка ва Малайзияда юз берган сув тошқинлари натижасида мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, юзлаб одамлар бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда, дея ёзмоқда The Guardian
Жануби-шарқий Осиёнинг уч мамлакати – Индонезия, Малайзия ва Таиландда бир ҳафта давом этган кучли ёмғирлар, шамол ва кўчкилар оқибатида юзлаб инсонлар ҳалок бўлди, 4 миллиондан ортиқ одам жабрланди.
Таиланд жанубида талофатлар айниқса оғир бўлиб, деярли 3 миллион киши жабр кўрган. Таиланд соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлганлар сони 170 кишига етганини ва бу рақам янада ошишини билдирган.
Индонезиянинг Ғарбий Суматра ҳудудида эса тошқин 1,1 миллиондан ортиқ аҳолига зарар етган. Индонезияда ҳалок бўлганлар сони бир кун ичида 303 нафардан 435 нафарга ошган. Ғарбий Суматра провинциясида кўчкилар қишлоқларни вайрон қилган, кўплаб аҳоли пунктлари билан алоқа узилган. Қутқарувчилар вертолётлар ёрдамида йўл орқали етиб бўлмайдиган ҳудудларга ёрдам етказмоқда. Расмийларга кўра, Индонезияда 406 киши бедарак йўқолган, 213 мингдан ортиқ одам уйини тарк этган.
Шунингдек, Шри-Ланкада циклон оқибатида камида 153 киши ҳалок бўлган, 191 киши бедарак йўқолган ва ярим миллиондан ортиқ одам жабрланган.
Нашрнинг қайд этишича, бу 2004 йилдаги ҳалокатли цунами воқеасидан бери минтақада кузатилган энг кучли табиий офатдир, дея ёзмоқда The Guardian.
