Автоҳалокат ортидан катта миқдорда ноқонуний дори аниқланди
Сирдарё вилояти ДХХ бошқармаси ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида катта миқдордаги ноқонуний дори воситаларининг муомалага кириб бориши олди олинди. Таъкидланишича, дорилар Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.
Тергов маълумотларига кўра, Андижон шаҳрида автоҳалокатга учраган “Changan CL03” русумли автомашина кўздан кечирилганда, салон қисмида 5 071 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси яширилгани аниқланган. Топилган дорилар ҳолислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251 прим 1-моддаси, 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда икки нафар Ўзбекистон фуқароси гумонланувчи сифатида ишга жалб қилинган ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу дорилар кучли таъсирга эга бўлгани учун уларни назоратсиз муомалага чиқариш аҳолининг саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин эди.
