Самарқанддаги “Қорасув” сув омбори жиддий даражада қуриб бормоқда
Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманида жойлашган “Қорасув” сув омборида сув миқдори сўнгги йилларда сезиларли даражада камайиб бораётгани аниқланган. Бу ҳақда сунъий йўлдош тасвирларини кузатиб борувчи Cosmo Monitoring канали хабар берди.
Сиғими 26,9 миллион кубометр бўлган мазкур омбор одатда 8 100 гектар ер майдонини суғориш имконини яратади. Аммо кузатувлар шуни кўрсатадики, йиллик сув захиралари изчил равишда қисқариб бормоқда.
Маълумотларга кўра, 2019 йил май ойида омборда 42,1 миллион кубометр сув мавжуд бўлган — бу меъёрий сиғимдан ҳам юқори кўрсаткич эди. Ҳозирда эса сув ҳажми сезиларли даражада камайиб, айрим ҳудудлар деярли қуриб қолган.
