Ван Дейк Муҳаммад Салоҳ мoжароси борасида очиқ фикр билдирди
Чемпионлар лигасида “Интер” устидан қийин меҳнат эвазига қайд этилган 1:0 ҳисобидаги муҳим ғалабадан сўнг “Ливерпуль” сардори Виржил ван Дейк жамоа атрофида шов-шувга айланган Муҳаммад Салоҳ масаласига тўхталиб ўтди. Мисрлик юлдузнинг сўнгги ҳафталардаги ҳолати клуб атрофида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлаётгани сир эмас.
Маълумки, 33 ёшли Салоҳ АПЛда кетма-кет уч ўйинни захирада бошлади, ЕЧЛдаги “Интер”га қарши таркиб рўйхатига ҳам киритилмади. У ўйиндан кейин клуб ва бош мураббий Арне Слотга нисбатан қаттиқ танқидлар билдириб, ўзини “автобус остига ташланди”, дея баҳо берган эди.
“Мен бу клуб учун йиллар давомида жуда кўп иш қилдим, аммо ҳозирги вазият умуман одилона эмас. Африка Кубоги арафасида хайрлашаман, кейин нима бўлишини умуман билмайман”, — деган эди Салоҳ.
Ван Дейк: “Вазият оғир, лекин жамоа бир бутун”
Сардорга кўра, Салоҳ билан боғлиқ жараёнлар ҳар қандай профессионал жамоани қийин аҳволга солиши табиий. Шу билан бирга, жамоа ичида мотивация, диққат ва интизомда ҳеч қандай етишмовчилик сезилмаётганини таъкидлади.
“Бу осон ҳолат эмас. Барчамиз нохуш вазият ўртасида қолдик. Салоҳ билан клуб орасида бир қатор муаммолар юзага келди, у бугун биз билан эмас — бу аниқ. Лекин жамоанинг ички руҳи, бирдамлиги ва ўйинга тайёргарлигида ҳеч қанақа ўзгариш бўлгани йўқ”, — деди ван Дейк.
“Узр сўраш керак ё керак эмас — бу менинг ишим эмас”
Журналистлар Ван Дейкдан Салоҳ раҳбариятдан ёки жамоадошларидан узр сўраши шартми, деб сўрашди. Лекин сардор бу саволга жуда эҳтиёткор ва ҳаётий жавоб қайтарди.
“Бу масалада ҳукм чиқариш менинг вазифам эмас. Муҳаммад охирги кунларда ўз ҳиссиётларини очиқ қилди — бу унинг ҳаққи. Бу жараён билан клуб шуғулланади, эҳтимол, мен ҳам иштирок этаман. Бизда диққат-эътибор аввалгидек, у эса ҳар доимгидек машғулотларда бор кучини беряпти”, — деди у.
Унинг айтишича, Салоҳ қисқа вақт ичида Африка Миллатлар Кубоги учун миллий жамоаси сафига кетади. Ван Дейк улар ўртасидаги дўстлик йиллар давомида кучли эканини, клубдаги кўтарилишлар ва пастлашишларни ҳамиша бирга бошдан кечиришганини қўшимча қилди.
“Энг муҳими — ички мулоқот ва жамоавий руҳ”
Сардорнинг фикрича, бундай вазиятларда жамоани ўзига келтириб олиш ва ташқи шовқинни четга суриш — энг муҳим вазифадир.
“Асосийси — бир-биримиз билан очиқ гаплашиш. Биз тикланишимиз, ‘Брайтон’га қарши ўйинга тайёрланишимиз керак. Ғалабалардан лаззат олиш ҳам муҳим — акс ҳолда уларнинг қиймати қолмайди. Бугун шу ерда тунни ўтказамиз, яхши ухлаймиз, тўғри овқатланамиз. Ҳаддан ташқари хурсанд бўлиб ҳам кетмаймиз, тушкунликка тушишдан ҳам сақланамиз”, — деди ван Дейк.
