MICHELIN Guide Туркия 2026 йил ресторан танлови натижаларини эълон қилди
MICHELIN Guide Туркия 2026 йилги ресторанлар танловини эълон қилди. Бу йилги рўйхат Туркия гастрономия харитасининг сезиларли даражада кенгайганини кўрсатади.
• Измирда бир ресторан икки MICHELIN юлдузи билан тақдирланди.
• Учта ресторан илк бор MICHELIN юлдузига эга бўлди.
• Уч нафар мутахассис махсус MICHELIN мукофотларига сазовор бўлди.
Туркиянинг гастрономия олами ўсишда ва ҳайратлантиришда давом этмоқда. Бу йил танловга илк бор Каппадокиядаги ресторанлар билан жами 54 та янги ресторан қўшилди. Энг эътиборга молик жиҳат — турк меҳмондўстлигини акс эттирувчи илиқлик ва самимиятдир. Инспекторлар ҳар гал нафақат таомлардан, балки инсонларнинг меҳмондўстлиги, муҳитнинг ўзига хослиги ва барчани бирлаштирувчи ҳақиқий саховат руҳидан мамнун бўлиб, “яна қачон келамиз?” деган савол билан қайтишади.
MICHELIN қўлланмасининг халқаро директори Гвендал Поулленнек шундай деди:
“Бу янги танлов Туркия гастрономиясининг кучи ва етуклигини яққол намоён этди. Инспекторларимиз Истанбул, Измир, Муғла ва Каппадокияда анъана ва ижодкорликни маҳорат билан уйғунлаштирган моҳир ошпазларни кузатишди. Мамлакат бўйлаб кузатилаётган хилма-хиллик, маҳорат ва самимият Туркия гастрономиясининг тобора чуқур, мустаҳкам ва ишончли тарзда ривожланаётганидан далолат беради.”
Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб MICHELIN қўлланмаси илк бор Туркияни қамраб оладиган миллий танловни тақдим этади. Бу мамлакат тарихида биринчи тўлиқ қамровли танлов бўлиб, батафсил маълумотлар 2026 йил январ ойида эълон қилинади.
Измирда тарихий натижа
2026 йилги танловда Измир яна бир муҳим натижага эришди – Vino Locale ресторани 2 MICHELIN юлдузи билан тақдирланди. 2024 йилда биринчи юлдузни олган ушбу ресторан таомларида Туркия маҳсулотларини Таиланд ва Япония таъмлари билан уйғунлаштиради. Vino Locale Измир тарихида илк бор 2 юлдуз олган ва Туркияда эса бу мақомга эга бўлган иккита ресторандан биридир.
1 юлдузли янги ресторанлар
Revithia (Каппадокия), Araf (Истанбул) ва Mezra Yalıkavak (Муғла) илк бор MICHELIN юлдузига сазовор бўлди. Шу билан Туркияда бир юлдузли ресторанлар сони 15 тага етди.
Bib Gourmand ва Green Star мукофотлари
Сифатли ва ҳамёнбоп таом таклиф қилувчи ресторанлар учун бериладиган Bib Gourmand мукофоти бу йил 39 та масканга топширилди, шундан 16 таси илк бор рўйхатга киритилди. Айниқса, Каппадокиянинг 5 та ресторани Bib Gourmandга лойиқ деб топилгани минтақа учун муҳим ютуқ бўлди.
Масъулиятли гастрономия, экология ва барқарорлик тамойилларини илгари сурувчи ресторанларга бериладиган Green Star мукофоти бу йил 4 та ресторанга насиб этди: Turk Fatih Tutak (Истанбул), Оrfoz (Муғла), Teruar Urla (Измир) ва Babayan Evi (Каппадокия).
Шунингдек, MICHELINнинг махсус мукофотлари ҳам ўз эгаларини топди. Ёш ошпаз соврини Yakamengen III ресторанининг моҳир ошпази Дуру Акғулга берилди. Атиги 29 ёшда бўлишига қарамай, у халқаро тажрибага эга, мавсумий ва маҳаллий маҳсулотларга таяниб ишлайди. Ошпаз айниқса кўк қисқичбақа ва аслан балиғидан тайёрлайдиган нозик ва мазали таомлари билан танилган.
MICHELIN Sommelier мукофоти Истанбулдаги Neolokal ресторанидан Эрсин Топкарага топширилди.
Энг яхши хизмат мукофотига эса Измирдаги Teruar Urla ресторанида фаолият кўрсатаётган Эзги Сердарўғлу лойиқ деб топилди. У меҳмонларни самимият, аниқ бошқарув ва юксак меҳмондўстлик билан кутиб олиши билан ажралиб туради.
2026 йилги MICHELIN Guide Туркия танлови статистикаси:
• Икки юлдуз: 2 та ресторан (1 та янги)
• Бир юлдуз: 15 та ресторан (3 та янги)
• Биб Гоурманд: 39 та ресторан (16 та янги)
• Танланганлар: 115 та ресторан (38 та янги)
• Яшил юлдузлар: 13 та ресторан (4 та янги))
