АҚШ ва Япония ҳарбий самолётлари Хитой ва Россияга жавобан машғулотлар ўтказди — Reuters
«Қўшма Штатларнинг ядро қуролини ташишга қодир бомбардимончилари Япония қирувчи самолётлари билан бирга Япон денгизи устидан парвоз қилди. Бу ҳаракат аввалроқ Хитой ва Россия ҳарбий самолётларининг Япония ва Жанубий Корея атрофида ўтказган машқларидан сўнг амалга оширилди», дея хабар бермоқда агентлик.
«Япония ва АҚШ куч билан ҳолатни бир томонлама ўзгартиришга уринишларнинг олдини олиш борасидаги қатъий иродани кўрсатди. Япония мудофаа кучлари ва АҚШ қуролли кучларининг тайёрлик позисияси тасдиқланди», дейилади Япониянинг Мудофаа вазирлигининг баёнотида.
Маълум қилинишича, машғулотларда АҚШнинг иккита B-52 стратегик бомбардимончиси, Япониянинг 3 та F-35 қирувчиси ва учта F-15 қирувчилари қатнашган. Бу парвозлар Хитой ўтган ҳафта минтақада ҳарбий машқларни бошлаганидан бери АҚШ биринчи марта ҳарбий мавжудлигини намойиш қилишидир.
Аввалроқ Россия ва Хитой Япония ҳамда Жанубий Корея чегаралари яқинида ҳаво машғулотлари ўтказганди. Токио ва Сеул бунга норозилик билдирган эди.
