Яна бир россиялик теннисчи Ўзбекистон фуқаролигини олди
Россиялик теннисчи Полина Кудерметова спорт фуқаролигини ўзгартирди. Бу ҳақда “Лента” нашри хабар берди. Эндиликда 22 ёшли теннисчи Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Полина ҳозирча бу қарори юзасидан жамоатчиликка изоҳ бермаган.
Кудерметова 2003 йил 4 июнь Россиянинг Москва шаҳрида туғилган. У айни пайтда WTA рейтингида 104-ўринда бормоқда. Полина Кудерметова — жаҳон рейтингида 30-поғонани эгаллаб турган россиялик теннисчи Вероника Кудерметованинг синглиси ҳисобланади. Вероника Россиянинг бешинчи рақамли ракеткаси саналади. Аввалроқ Вероника Кудерметова спорт фуқаролигини ўзгартирган ватандошлари ҳақида гапирар экан, уларни қарорини ортиқча муҳокама қилмаслигини айтган эди. Орадан бир оз вақт ўтиб унинг синглиси ҳам спорт фуқаролигини ўзгартиришга қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойида яна икки россиялик теннисчи — Камилла Раҳимова ва Анастасия Потапова ҳам спорт фуқаролигини ўзгартиришга қарор қилган. Раҳимова Ўзбекистон, Потапова эса Австрия терма жамоаси сафида фаолиятини давом эттиради. Шунингдек, октябрь ойида яна бир россиялик теннисчи Мария Тимофеева ҳам Ўзбекистон терма жамоаси сафига ўтган эди.
