Москвада мактабда 15 ёшли бола ўқувчиларга пичоқ билан ҳужум қилди
Россиянинг Москва вилоятида жойлашган Горки-2 элита қишлоғида 16 декабрь куни содир бўлган айни шу мудҳиш ҳодиса бутун жамоатчиликни хайратга солди. Успенский мактабининг 15 ёшли ўқувчиси қўлида пичоқ билан таълим муассасасига кириб, аввал қўриқчига, шунингдек 4-синфда таълим олаётган 10 ёшли болага ҳужум қилган. Афсуски, бола олинган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Маълум бўлишича, ҳужум қилган ўсмир ҳам ушбу мактабнинг 9-синф ўқувчиси бўлиб, ҳодиса вақтида танасида “No lives matter” деган ёзувли футболка бўлган. Гувоҳлар айтишича, у ҳужум қилишдан олдин болалардан уларнинг миллатини сўраб чиққан, бу эса ҳодисага янада жиддийлик бағишламоқда.
Воқеа рўй бериши билан ҳуқуқ-тартибот идоралари тезкор равишда мактабга етиб борган, вазиятни назоратга олган ва махсус кучлар ёрдамида ўсмирни қўлга олган. Айни пайтда мактаб ҳудудида терговчилар, полиция ходимлари ва тез тиббий ёрдам бригадаси иш олиб боряпти.
Расмий хабарларга кўра, ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган, ҳужум сабаблари эса аниқланмоқда.
