Тинч океанида АҚШ зарбалари ортидан саккиз киши ҳалок бўлди

Тинч океанида АҚШ зарбалари ортидан саккиз киши ҳалок бўлди

АҚШ Қуролли кучларининг Жанубий қўмондонлиги маълум қилишича, шарқий Тинч океани акваториясида гиёҳванд моддаларни ташиётгани тахмин қилинган учта кемага нисбатан ҳужум амалга оширилган ва зарбалар оқибатида саккиз нафар шахс ҳалок бўлган. Ҳужумлар халқаро сувларда рўй бергани таъкидланади.

Расмий маълумотлар тахминига кўра, биринчи кемада уч, иккинчисида икки, учинчисида эса яна уч киши ҳалок бўлган. Бу операция АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Лотин Америкасидаги наркокартелларга қарши “жойида кураш” сиёсатини кучайтиришга қаратилган фармони доирасида амалга оширилган.

Аввалроқ мазкур стратегия асосида АҚШ август ойи охирида Венесуэла соҳилларига сувости кемаси ва жанговар кемаларни ўз ичига олган денгиз гуруҳини йўллаган эди. Ўша вақтда мудофаа вазири Пит Ҳегсет АҚШ ҳарбийлари Венесуэла ҳудудида, ҳатто мавжуд ҳокимиятни алмаштиришга доир сценарийларни амалга оширишга ҳам тайёр турганини билдирган.

Шу билан бирга, Кариб ҳавзаси ва Тинч океанида наркотрафикни чеклаш баҳонасида олиб борилаётган бундай амалиётлар халқаро майдонда жиддий баҳсларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, кемаларга бевосита зарба бериш ва борддагиларни ўлдириш “судсиз қатл” сифатида талқин қилинмоқда ва бу масала кўплаб танқидларга сабаб бўлмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: