Тафтиш инстанцияси ажрими билан Акмал Шукуров яна қамоққа қайтарилди

Тафтиш инстанцияси ажрими билан Акмал Шукуров яна қамоққа қайтарилди

Безорилиги учун 8 йилга қамалган ва апелляция суди томонидан озодликка чиқариб юборилган Акмал Шукуровга оид жиноят иши тафтиш инстанциясида қайта кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар прокуратураси тафтиш тартибида протест киритиб, А.Шукуровга нисбатан апелляция суди томонидан 2025 йил 9 декабрда чиқарилган ажримни бекор қилишни сўраган.

Протестда ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукмини ўзгартириб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан тайинланган жазони ўзгартириш ҳамда 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е” банди ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.

Жиноят иши Тошкент шаҳар судининг 3 нафар судядан иборат тафтиш ҳайъати томонидан қайта кўриб чиқилиб, прокуратура протести қаноатлантирилган. Эълон қилинган ажримга кўра биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилган ҳамда апелляция инстанция судининг ажрими бекор қилинган.

Акмал Шукуровга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят доирасида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги сабабли ушбу кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан тайинланган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аслича қолдирилиши белгиланган.

Шу тариқа, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан Акмал Шукуровга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унинг қамоқда сақланган кунлари тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 5 йил 3 ой 12 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: