Австралияни ларзага келтирган ҳужум: ҳукумат кескин чоралар кўрмоқда

Австралияни ларзага келтирган ҳужум: ҳукумат кескин чоралар кўрмоқда

Австралияда Сиднейнинг Бонди-Бич ҳудудида содир бўлган қуролли ҳужум қурбонларини хотирлаш тадбирлари ўтказилди. Бир ҳафта аввал яҳудийларнинг Ҳанукка байрами вақтида юз берган ҳужум оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланган. Шу муносабат билан мамлакатда хотира куни эълон қилинди.

Якшанба куни ҳукумат биноларида байроқлар ярим туширилди ва ҳужум бошланган вақтда бир дақиқалик сукут сақланди. Аҳолига қурбонларни хотирлаш учун шам ёқиш тавсия этилди. Бонди-Бичда ўтказилган хотира маросими кучайтирилган полиция назорати остида бўлиб ўтди.

Бош вазир Энтони Албанесе мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот ва разведка идоралари фаолиятини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди. Унинг айтишича, ҳозирги хавфсизлик шароитида давлат тузилмалари аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга тўлиқ тайёр бўлиши керак. Текширув натижалари келгуси ойларда эълон қилинади.

Расмийлар ҳужумни яҳудийларга қарши террорчилик ҳаракати сифатида тергов қилмоқда. Ҳодисадан сўнг мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилди ва нафратга асосланган жиноятларга қарши кураш қатъийлаштирилди. Ҳукумат Австралияда зўравонлик ва экстремизмга ўрин йўқлигини таъкидлади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: