Украина махсус хизматлари Россиянинг 100 млн долларлик иккита қирувчи самолётини ёқиб юборди
Украиналик диверсант Липецк шаҳри яқинидаги ҳарбий аэродромда Россиянинг иккита қирувчи самолётига ўт қўйди. Бу ҳақда Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) хабар бермоқда.
ГУР диверсант томонидан олингани айтилган видеони тақдим этган. Видеода у учиш майдончасига кириши, шундан кейин самолётларга ўт қўйиши акс этган.
«Мазкур амалиёт икки ҳафта давомида режалаштирилган. Диверсант аэродром ҳудудини хавфсиз тарзда тарк этишга муваффақ бўлган. Самолётлар сафдан чиқарилган, булар умумий қиймати 100 миллион долларгача етадиган Су-27 қирувчиларидир», дейилади Украина Бош разведка бошқармаси баёнотида.
Россия Мудофаа вазирлиги ГУРнинг ушбу хабарига ҳозирча расман изоҳ бергани йўқ.
