Япония сунъий интеллект учун 19 миллиард доллар тикмоқда
Япония ҳукумати технологик мустақилликни мустаҳкамлаш ва глобал рақобатда ўз мавқеини кучайтириш мақсадида миллий сунъий интеллект лойиҳасини ишга туширишга тайёрланмоқда. Ушбу йирик ташаббус хусусий сектор билан ҳамкорликда амалга оширилади ва унинг умумий қиймати 3 триллион иена, яъни қарийб 19 миллиард долларни ташкил этади.
Лойиҳанинг асосий мақсади — сунъий интеллект соҳасида Япония, АҚШ ва Хитой ўртасида юзага келган технологик тафовутни қисқартириш. Шу йўналишда мамлакатдаги етакчи компаниялар бирлашмоқда. Жумладан, SoftBank ҳамда яна ўндан ортиқ йирик япон корхоналари келаси баҳордан бошлаб қўшма корхона ташкил этиши кутилмоқда.
Мазкур корхона Япония тарихидаги энг йирик сунъий интеллект ядро моделини ишлаб чиқишга масъул бўлади. У нафақат маҳаллий эҳтиёжларни қондириш, балки глобал бозорда ҳам рақобатбардош бўлиши кўзда тутилган. Расмийларнинг таъкидлашича, лойиҳа саноат, тиббиёт, молия ва давлат бошқаруви каби кўплаб соҳаларда рақамли самарадорликни оширишга хизмат қилади.
