Пенсильвания штатидаги қариялар уйида портлаш юз берди, қурбонлар бор
АҚШнинг Пенсильвания штатидаги Silver Lake қариялар уйида табиий газ портлаши оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди.
NBC маълумотларига кўра, табиий газ сизиб чиқиши ҳодисанинг дастлабки сабабидир.
Портлашдан сўнг қариялар уйида катта ёнғин чиққан.
Бристоль ўт ўчириш хизмати бошлиғи Кевин Дипполито матбуот анжуманида беш киши бедарак йўқолган деб тахмин қилинганини, бироқ “улар оила аъзолари билан воқеа жойини тарк этган бўлиши мумкинлигини” айтди.
Полиция 20 киши яраланганини ва шифохоналарга етказилганини маълум қилди. Портлаш оқибатида биринчи қаватнинг бир қисми ертўлага қулаб тушди ва қутқарувчилар одамларни деразалар ва лифт шахтаси орқали эвакуация қилишга мажбур бўлди, деб хабар берди report.az.
