Ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлиги 2 баравар оширилади

Ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ойлиги 2 баравар оширилади

Қирғизистонда 2026 йил 1 апрелдан педагог ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 100 фоизга оширилади. Бу ҳақда Халқ қурултойида давлат раҳбари Садир Жапаров маълум қилди, деб ёзмоқда 24.kg.

Унинг сўзларига кўра, ўқитувчи ва шифокорга ҳурмат кучли давлатнинг асоси саналади.

«Ўқитувчи миллат келажагини шакллантиради, шифокор инсон саломатлиги ва ҳаётини ҳимоя қилади. Бироқ бугунги кунда уларга нисбатан қўпол муносабат, ҳурматсизлик, баъзан зўравонлик ҳолатларига кўп дуч келмоқдамиз. Бу ўтакетган маданиятсизликдир. Биз бу икки муқаддас касбга ўз қадр-қимматини, жамиятдаги юксак мавқеини қайтариб беришимиз шарт», — деди президент.

«Давлат идоралари, фуқаролик жамияти, ҳар бир оила — барчамиз ўқитувчи ва шифокорнинг обрўсини мустаҳкамлашга мажбурмиз. Фарзандларимизни ўқитаётган, бизни даволаётган инсонларнинг ҳурматини жойига қўймас эканмиз, чинакам маданиятли, ривожланган давлат бўла олмаймиз», — деб қўшимча қилди Жапаров.

Унинг қайд этишича, Вазирлар маҳкамаси раиси Адилбек Касималиев ўсиш камида 50 фоиз бўлишини айтган, бироқ муҳокамалар ва ҳукуматнинг молиявий имкониятларини қайта баҳолашдан сўнг иш ҳақини ўртача 100 фоизга оширишга қарор қилинган.

Президентнинг сўзларига кўра, ҳозирда педагогларнинг ўртача маоши 26 минг сом (297 доллар ёки салкам 3,6 млн сўм)ни ташкил этади. 1 апрелдан бошлаб бу миқдор икки карра ошади — 52 минг сом атрофида бўлади.

Ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдори таълим даражаси, педагогик стажи, малака тоифаси, ҳудудий жойлашуви, ўқитаётган фани ва ҳафталик ўқув юкламасига қараб белгиланади, деди давлат раҳбари.

Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳозирда шифокорларнинг ўртача иш ҳақи 31 минг 500 сом (4,3 млн сўм)ни ташкил этади, 1 апрелдан эса 62 минг 500 сомга етади, солиқ ва бошқа йиғимлардан сўнг уларнинг қўлларига тегадиган пул 50 минг сом атрофида бўлади.

«Ушбу қадам уларнинг жамият ривожи ва давлат ҳаётидаги ролини мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссасини эътироф этиш ва юқори баҳолашдир», — деди Жапаров.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: