Қирғизистонда 2026 йил 1 апрелдан педагог ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 2 баробар оширилади
Бу ҳақда Халқ қурултойида мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўқитувчи миллат келажагини шакллантирса, шифокор инсон саломатлиги ва ҳаётини асрайди. Бироқ бугунги кунда ушбу касб вакиллари ҳурматсизлик ва ҳатто зўравонлик ҳолатларига дуч келяпти.
Президент буни мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб атаб, уларнинг жамиятдаги мақоми ва қадр-қимматини ошириш зарурлигини қайд этди.
Маълум қилинишича, ҳозирда педагогларнинг ўртача ойлик маоши 26 минг сом (тахминан 3,6 млн сўм)ни ташкил этса, 1 апрелдан бу кўрсаткич 52 минг сомга етади. Шифокорларнинг ўртача маоши эса 31 минг 500 сомдан 62 минг 500 сомгача оширилади.
