Исроил Сомалиленд Республикасини мустақил ва суверен давлат сифатида тан олди
Исроил Сомалидан ажралиб чиққан Сомалиленд Республикасини мустақил ва суверен давлат сифатида расман тан олган биринчи давлат бўлди. Бу ҳақда Исроил бош вазири матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сомалилендни тан олиш тўғрисидаги декларацияни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Сомалиленд президенти Абдураҳмон Муҳаммад Абдуллоҳий икки давлат раҳбарларининг видеоконференсиясидан сўнг имзолади. Ҳар икки давлат раҳбари тўлақонли дипломатик муносабатлар ўрнатиш, жумладан, элчилар алмашиш ва элчихоналар очишни бошлашга келишиб олди.
Нетаняҳу бу қадамни тарихий деб атади ва иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва технология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга умид билдирди. Шунингдек, Исроил Сомалиленд президентини расмий ташриф билан мамлакатга таклиф қилди.
Сомалиленд – Шарқий Африканинг шимолидаги ўзини мустақил деб эълон қилган давлат бўлиб, 1991 йилда Сиад Барре режими қулаганидан кейин Сомали таркибидан ажралиб чиққан. У шундан бери амалда мустақил давлат сифатида фаолият юритади: ўз ҳокимият органлари, конституцияси, валутаси, армиясига эга ва мунтазам равишда сайловлар ўтказади.
Сомалининг қолган қисмига нисбатан барқарорлиги ва хавфсизлигига қарамай, Сомалиленд ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида халқаро миқёсда тан олинмаган ва расмий равишда жаҳон ҳамжамияти томонидан Сомалининг бир қисми деб ҳисобланган.
