Украина президенти офиси мамлакатда сайлов учун пул йўқлигини билдирди

Украина президенти офиси мамлакатда сайлов учун пул йўқлигини билдирди

«Украинада сайловларни ўтказиш учун молиявий ресурслар йўқ. Объектив равиша биз сайловларни ташкил этишни эплолмаймиз, чунки бизда дефицитли бюджет бор», — деди Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк Novini LIVE нашрига берган интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бюджетнинг устувор йўналишлари – ҳарбий соҳа ва уй хўжаликлари учун иқтисодий йўқотишларини қоплайдиган ижтимоий дастурлар. Подоляк хорижда бўлган 6-8 млн украиналикнинг сайловда иштирок этиши масаласи билан махсус ишчи гуруҳ шуғулланиши кераклигини таъкидлади.

Украина Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Сергей Дубовикнинг маълум қилишича, 2019 йилдаги сўнгги президентлик сайловлари бюджетга қарийб 2 млрд гривнага тушган, бироқ ҳозирги шароитда ва инфлясияни ҳисобга олган ҳолда биринчи тур 4-5 млрд гривнага (94,8-118 млн доллар), иккинчи тур ўтказилганда эса 6,5-7 млрд гривнага (154-166 млн доллар) тушади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: