ЭРКАКЛАР НЕГА ЙИҒЛАЙДИ? Муҳаббатдан кўра футбол кучлироқми?!
Кўпчиликни ҳайрон қолдирадиган факт: Энг тошбағир эркак ҳам севгилиси билан хайрлашаётганда кўз ёши тўкмаслиги мумкин, лекин севимли жамоаси ютқазса, ўзини тутиб тура олмайди.
Жамоани қўллаб-қувватлаш орқали эркак киши ижтимоий бирдамликни ҳис қилади. Ўйин пайтида мияда дофамин ва адреналин шунчалик кўп ишлаб чиқариладики, ҳар бир ғалаба ёки мағлубият кучли ҳиссий портлашни келтириб чиқаради.
Жамиятдаги норасмий қоидаларга кўра, эркакларга ҳис-туйғуларини очиқ кўрсатиш, айниқса, романтик муносабатларда заифлик ҳисобланади. Бироқ футбол — бу эркаклар учун «ҳиссиётлар полигони». Бу ерда йиғлаш заифлик эмас, балки эҳтирос ва содиқлик белгиси сифатида қабул қилинади. Стадионда тўкилган ёшлар эркакнинг обрўсига путур етказмайди.
Муҳаббатдаги изтироблар кўпинча вақт бўйича чўзилиб кетади ва эркак киши уларни ақл билан жиловлашга (рационализация қилишга) ўрганиб қолган. Футболда эса ҳаммаси лаҳзалик ва жамоавий! Трибуналар шовқини, кучланиш ва умумий ритм ҳиссиётларни бир зумда чўққига олиб чиқади. Бундай кучли ҳиссий оқимни тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ.
Футбол эркакларга ўз ичидаги кучли туйғуларни хавфсиз ва жамият томонидан маъқулланган тарзда ташқарига чиқариш имконини беради. Севгида эса улар ҳали ҳам «темир одам» бўлиб қолишга мажбур.
