Қишки бўрон сабабли минглаб рейслар бекор қилинди

Қишки бўрон сабабли минглаб рейслар бекор қилинди

АҚШнинг шимоли-шарқий ҳудудларида кучли қор ёғиши ва музли об-ҳаво сабаб кундалик ҳаётда қийинчиликлар юзага келди. Нью-Йорк ва Ню-Жерси штатларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Расмийлар одамларни эҳтиёт бўлишга ва имкон қадар йўлга чиқмасликка чақирди.

Маълумотларга кўра, айрим ҳудудларда 15–25 сантиметргача қор ёғди. Нью-Йорк шаҳрида ҳам бир кечада сезиларли миқдорда қор ёғиб, йўллар ва пиёдалар йўлаклари сирпанчиқ ҳолга келди. Кучли қор ёғиши асосан тўхтаган бўлса-да, об-ҳаво ҳануз хавфли бўлиб қолмоқда.

Ноқулай об-ҳаво сабаб минглаб авиарейслар бекор қилинди ёки кечиктирилди. Айниқса, Нью-Йорк атрофидаги йирик аэропортларда муаммолар кўп кузатилди. Айрим авиакомпаниялар йўловчиларга чипталарни жаримасиз ўзгартириш имконини берди.

Шунингдек, бир қатор йўлларда ҳаракат вақтинча чеклаб қўйилди. Расмийлар ҳайдовчилардан эҳтиёткор бўлишни ва зарур бўлмаса сафарга чиқмасликни сўрамоқда. Об-ҳаво аста-секин яхшиланаётгани айтилмоқда, бироқ фуқароларни огоҳликка чақириш давом этмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: