Италияда қишлоқда 30 йилдан сўнг илк чақалоқ туғилди

Италияда қишлоқда 30 йилдан сўнг илк чақалоқ туғилди

Италиянинг Абруцсо вилоятида жойлашган кичик Паляра-дей-Марси қишлоғида сўнгги 30 йил ичида илк бор чақалоқ дунёга келди. Лара исмли қизалоқнинг туғилиши нафақат маҳаллий аҳоли, балки бутун мамлакат жамоатчилиги эътиборини ўзига тортди. Бу воқеа Италияда тобора чуқурлашиб бораётган демографик инқироз масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

Апеннин тоғлари бағрида, Гарифалко тоғи ёнбағрида жойлашган ушбу қадимий қишлоқда бугунги кунда аҳолидан кўра мушуклар сони кўпроқ. The Guardian нашри журналисти Анжела Жуфриданинг ёзишича, мушуклар тор кўчаларда бемалол сайр қилади, уйларга кириб чиқаверади. Улар чиқараётган овозлар эса йиллар давомида аҳоли сони қисқариб бориши ортидан юзага келган сукунатни тўлдириб тургандай туюлади.

Лара Бусси Трабукко мазкур қишлоқда 30 йил ичида туғилган биринчи чақалоқ бўлди. Унинг дунёга келиши билан Паляра-дей-Марси аҳолиси сони тахминан 20 нафарга етди. Қизалоқнинг уйи рўпарасида жойлашган черковда ўтказилган чўқинтириш маросимида бутун маҳаллий жамоа иштирок этди. Бу ҳодиса шунчалик ноодатий бўлдики, ҳозирда Лара қишлоқнинг ўзига хос рамзига айланган ва сайёҳларни ҳам жалб этмоқда.

“Аввал бу қишлоқ ҳақида ҳеч ким эшитмаган эди. Энди эса кўпчилик бу ерга айнан Лара ҳақида билиш учун келмоқда”, — дейди унинг онаси Чинсия Трабукко. Унинг айтишича, қизалоқ ҳали тўққиз ойлик бўлишига қарамай, аллақачон машҳурликка эришган.

Журналист Анжела Жуфрида таъкидлашича, Ларанинг туғилиши бир томондан умид уйғотса, иккинчи томондан Италиядаги демографик муаммоларга жиддий огоҳлантирувчи сигнал ҳам ҳисобланади.

Италия Миллий статистика институти маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакатда туғилишлар сони сўнгги 16 йилдаги энг паст кўрсаткичга — 369 944 тага тушган. Шунингдек, туғилиш коэффициенти ҳам рекорд даражада пасайган: ўша йили туғиш ёшидаги ҳар бир аёлга ўртача 1,18 нафар бола тўғри келган. Бу кўрсаткич Европа Иттифоқидаги энг пастларидан бири ҳисобланади.

Мутахассислар бу ҳолатни иш ўринларининг етишмаслиги, ёшлар орасида эмиграциянинг ортиши, ишлайдиган оналар учун шароитларнинг камлиги, шунингдек, бепуштлик ҳолатларининг кўпайиши билан изоҳламоқда. Бундан ташқари, Италияда фарзанд кўришдан онгли равишда воз кечаётганлар сони ҳам ортиб бормоқда.

2025 йилнинг дастлабки етти ойига оид маълумотлар ҳам вазият яхшиланмаётганини кўрсатади. Абруцсо вилоятида 2025 йилнинг январь–июль ойларида туғилишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,2 фоизга камайган.

Паляра-дей-Марси кичик қишлоқ бўлишига қарамай, у бугунги Италиянинг умумий демографик манзарасини акс эттиради. Кўплаб ҳудудларда аҳоли қариб бормоқда, мактаблар ёпилмоқда ва бу маҳаллий ҳамда миллий даражада жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Лара туғилганидан сўнг, унинг ота-онаси давлат томонидан белгиланган 1000 евро миқдоридаги бир марталик “фарзанд мукофоти”ни олди. Бу тўлов 2025 йил январидан жорий этилган бўлиб, демографик инқирозга қарши кураш чораларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, оила ҳар ой тахминан 370 евро бола нафақаси оляпти.

The Guardian нашрига кўра, асосий муаммо — болани парвариш қилиш билан иш фаолиятини уйғунлаштиришдир. Италияда болалар боғчалари тизими етарли даражада ривожланмаган. Ҳукумат бу масалани муҳим деб баҳолаётган бўлса-да, боғчалар сонини ошириш бўйича режалар ҳали тўлиқ амалга ошмаган. Натижада кўплаб аёллар ҳомиладорлик даврида ишдан кетишга мажбур бўлиб, кейинчалик меҳнат бозорига қайтишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Ларанинг ота-онаси унинг келажакдаги таълими масаласидан ҳам хавотирда. Паляра-дей-Марсида мактаб сўнгги марта ўнлаб йиллар аввал фаолият юритган. Яқиндаги Кастеллафиум шаҳрида боғча ва бошланғич мактаб мавжуд бўлса-да, туғилишлар сонининг изчил камайиши уларнинг келажакда ишлаш-ишламаслигини ҳам шубҳа остида қолдирмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: