Озодбек Назарбеков тўйда куйлади: қистирилган пулларга изоҳ берилди

Озодбек Назарбеков тўйда куйлади: қистирилган пулларга изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбеков тўй маросимида қўшиқ куйлаётгани акс этган видеолавҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеода вазир саҳнага чиқиб куйлаётгани, шу аснода унга пул узатилгани ва у бу пулларни олаётгани кўриниб қолган. Кадрлар ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб, турли муносабатлар уйғотди.

Мазкур ҳолат юзасидан Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Сирожиддин Ўсаров Kun.uz’га изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, видеодаги воқеа 2025 йил 25 октябрь куни вазирлик ходимларидан бирининг никоҳ тўйида содир бўлган.

Расмий изоҳда қайд этилишича, видеода кўринган пул узатиш ҳолати олдиндан режалаштирилмаган. Вазият ўз-ўзидан юзага келган ва бу пайтда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини кескин рад этиш уларни омма олдида ноқулай ҳолатга тушириб қўйиши мумкинлиги инобатга олинган. Яъни, бу ҳолат баъзилар томонидан камситиш ёки менсимаслик сифатида нотўғри тушунилиши эҳтимоли борлиги учун, вазир томонидан вазиятга нисбатан ижобий муносабат билдирилгани айтилмоқда.

Вазирлик эса яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратган: тўй маросимларида хонандаларга пул узатиш ёки узатмаслик амалдаги қонунчиликка кўра тақиқланмаган. Бу жараён халқ орасида асрлар давомида шаклланган миллий урф-одатлар ва қадриятларнинг бир қисми сифатида баҳоланади. Ўзбекона анъаналарда бундай ҳолатлар “орзу-ҳавас” сифатида қабул қилиб келиниши ҳам таъкидланган.

Шунингдек, расмийлар Озодбек Назарбеков нафақат маданият вазири, балки таниқли ўзбек хонандаси эканини ҳам эслатиб ўтган. У Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ артисти, шунингдек Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими ҳисобланади. Демак, тўй маросимида кузатилган ҳолатни айнан унинг касбий фаолияти — миллий қўшиқчилик санъати билан боғлиқ вазият сифатида кўриш лозимлиги айтилмоқда.

Изоҳ якунида эса шундай хулоса келтирилади: инсон қайси лавозимда бўлишидан қатъи назар, ўз танлаган касбидан тўлиқ айро бўлиб кетолмайди. Вазирликка кўра, мазкур ҳолатга ҳам шу нуқтайи назардан ёндашиш керак.

Дўстларингизга ҳам юборинг: