Наманганда қарийб 2 кг гашишни 200 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Наманганда қарийб 2 кг гашишни 200 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uzga хабар берди.

 

 

 

Хусусан, Наманган вилояти Уйчи туманидаги «Янгиер» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Ўзбекистон–Қирғизистон давлат чегараси яқинида ҳаракатланиб келаётган, Андижон шаҳрида яшовчи 1985 ва 1989 йилларда туғилган икки нафар фуқаро тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган. Текширув давомида уларнинг юк сумкаси ичидан 19 килограмм 169 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.

 

 

 

Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, мазкур гиёҳвандлик воситасини олиб кетишда ёрдам бериш мақсадида воқеа жойига келган, 1990 йилда туғилган яна бир фуқаро ҳам қўлга олинди. Дастлабки терговга қадар текширувлар жараёнида гумонланувчилар Қирғизистон фуқароси бўлган наркосавдогар билан тил бириктирган ҳолда, ушбу гиёҳвандлик воситаларини мамлакат ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кириб, кейинчалик сотишни режалаштиргани аниқланган.

 

 

 

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ҳамда 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 

 

Шунингдек, ДХХ ва ИИО ходимлари томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида Янги Наманган туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган, аввал судланган аёл қўлга олинди. Аниқланишича, у шахси ҳозирда аниқланаётган фуқародан 200 миллион сўм эвазига сотиб олишга келишилган 1 килограмм 953 грамм «гашиш» моддасини матолар орасига яширилган ҳолда Марғилон шаҳридан йўловчи автомашинасида қабул қилиб олаётган вақтида ушланган.

 

 

 

Мазкур ҳолат бўйича ҳам аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: