Дронлар ҳужумида 15 нафар украин кончиси ҳалок бўлди — DTEK
Россия ҳарбийлари Днепропетровск вилоятидаги DTEK энергетика компаниясига қарашли конга дронлар билан ҳужум қилди. Оқибатда 15 нафар кончи ҳалок бўлди, яна 7 киши яраланди, деб хабар берди компания.
Маълум қилинишича, ҳужумлардан бирининг марказида сменадан кейин ишчиларни олиб кетаётган хизмат автобуси бўлган.
Украина мустақил кончилар касаба уюшмаси раиси Михаил Волинецнинг айтишича, Терновкадаги кўмир корхонаси ва кончиларни ташиётган автобус тўртта камикадзе-дрон зарбасига учраган.
Россия томони ҳужум бўйича ҳозирча изоҳ бермади.
