Абдуқодир Ҳусанов — “Манчестер Сити”да январь ойининг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогар (фото)
Англиянинг “Манчестер Сити” клубида январь ойининг энг яхши футболчисини аниқлаш жараёни бошланди. Номзодлар учлигидан Абдуқодир Ҳусанов, Бернарду Сильва ҳамда дарвозабон Жанлуижи Доннарумма жой олди.

2026 йил январь ойига келиб, Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”нинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланди. Йошко Гвардиол ва Рубен Диашнинг жароҳатлари фонида Пеп Гвардиола унга ишонч билдирди ва ўзбекистонлик футболчи бу ишончни тўлиқ оқлади. Ҳусанов “шаҳарликлар” сафида 8 та учрашувдан 7 тасида асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди, яна бир баҳсда эса 40 дақиқа ўйнади.
У “Брайтон” (8 январь), “Ekseter Сити” (10 январь), “Ньюкасл” (14 январь), “Манчестер Юнайтед” (17 январь), “Будё Глимт” (20 январь), “Вулверҳэмптон” (24 январь) ҳамда “Галатасарой” (28 январь)га қарши учрашувларни тўлиқ ўтказди ва аксарият баҳсларда 7 баллдан юқори баҳога лойиқ кўрилди. Ушбу ўйинларнинг 3 тасида “Манчестер Сити” дарвозасидан гол ўтказиб юбормади.
“‘Челсиъга қарши учрашувда иккинчи бўлимда майдонга тушган 21 ёшли футболчи шундан сўнг барча ўйинларда марказий ҳимояда асосий таркиб футболчиси сифатида ҳаракат қилди. Январь ойида у тезлик, жисмоний куч ва техникани уйғунлаштирган ҳолда кетма-кет юқори савиядаги ўйинлар намойиш этди. Ой бошида Ҳусанов ‘Брайтонъга қарши баҳсда ёш футболчи Макс Аллейн билан бирга ҳимояни бошқарди. Январь охирида эса ‘Галатасаройъга қарши Чемпионлар лигасидаги 2:0 ҳисобидаги ғалабада муҳим рол ўйнаб, жамоанинг 1/8 финалга чиқишига ҳисса қўшди”, дейилади клуб расмий сайтида.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов 2025 йил февраль ойида — “Манчестер Сити”да ойнинг энг яхши футболчиси деб топилган. Ўшанда у Йошко Гвардиол ва Эрлинг Ҳоландни ортда қолдирганди.
