Интернетда уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш учун қаттиқ жазо берилиши таклиф этилмоқда
Ўзбекистонда интернетда сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилганлик учун жарима ва қамоқ жазоси жорий этилиши мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 февралдаги мажлисида бу кўзда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 183-1-модда билан тўлдириб, уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларни телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда.
Мажлисда сўзга чиққан депутат Хушвақт Ҳайитовга кўра. ушбу норманинг зарурати ижтимоий тармоқларда ҳуқуқбузарликларнинг кўпайиши билан боғлиқ.
“Ижтимоий тармоқларда оммавий тарзда уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш каби ҳаракатлар орқали одоб-ахлоқ қоидаларини намойишкорона қасддан бузиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу жамиятда ахлоқсизлик, ёшлар ўртасида ҳурмацизлик ва тажовузкорлик кайфиятини кучайтиришга олиб келмоқда. Шу сабабли мазкур хатти-ҳаракатлар учун алоҳида жавобгарлик белгилаш зарур”, деди мажлисда сўзга чиққан депутат Хушвақт Ҳайитов.
“Миллий тикланиш” партияси етакчиси, депутат Алишер Қодиров ҳам қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Унинг билдиришича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига 1-қўшимча билан, ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилиш, камситиш, жамоат ва фуқаролар осойишталигини бузадиган ёки шунга ўхшаш ҳаракатлар учун 5 миллион сўмгача жарима ёки 10 сутка қамоқ белгиланмоқда.
