Автомашина эшигини қулфлаб, йўловчи аёлни меҳмонхонага “романтика”га таклиф қилган ҳайдовчи қамалди
2026 йил 3 февраль куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судида йўловчи аёлга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган фуқарога нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди.
Судда аниқланишича, 1996 йилда туғилган Ш.В. 2026 йил 1 февраль куни соат 20:30 ларда “KIA” русумли автомашинасини бошқариб, Сергели тумани “Турон” метро бекатидан Янгиҳаёт тумани “Чортоқ” маҳалласига кетаётган фуқаро Х.Хамидовани 15 минг сўм йўл ҳақи эвазига олиб кетган. Манзилга етиб борган пайтда у автомашина эшигини қулфлаб, йўловчи аёлни меҳмонхонага таклиф қилган ва унинг шаъни ҳамда қадр-қимматини таҳқирлаб, белидан қучоқламоқчи бўлган.
Жабрланувчи ушбу ҳолат юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилган. Суд мажлисида Ш.В. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирган.
Суд қарори билан Ш.В.5 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
