Ўзидан катта оилали «кеннайи»ни «илинтириб», кейин эса уятли видеотасвирларини тарқатиб юбормаслик учун пул талаб қилган ҳайдовчи устидан жиноят иши очилди
Бухоро туманидаги фермер хўжаликларидан бирида ҳайдовчи бўлиб ишлаб келаётган 28 ёшли фуқаро Р.Ж. Imo мессенджери орқали ўзидан ёши катта, оилали Л.Ш. исмли аёл билан танишган. 2025 йил май ойида бошланган виртуал мулоқот вақт ўтиши билан реал ҳаётдаги ишқий муносабатларга айланиб кетган.
Р.Ж. аёлнинг ишончини қозониб, унинг ярим-яланғоч ҳолатдаги видеотасвирларини яширин равишда телефонига ёзиб олган. Шундан сўнг у мазкур видеолар орқали Л.Ш.га нисбатан руҳий босим ўтказа бошлаган. Айтилган пул берилмаган тақдирда, аёлни ижтимоий тармоқлар орқали шарманда қилиш, видеотасвирларни эри ва яқин қариндошларига тарқатиб юбориш билан таҳдид қилган. Ушбу видеоларни ўчириб ташлаши эвазига 700 АҚШ доллари талаб қилинган.
«Бироқ жиноят узоққа чўзилмади. Бухоро вилояти ИИБ тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан ўтказилган махсус тезкор тадбирлар натижасида мазкур жиноий схема фош этилди. Р.Ж. тезкор ходимлар томонидан 400 АҚШ долларини олаётган пайтида қўлга олинди. Бугун жиноят усуллари ҳар дақиқада ўзгариб, мураккаблашиб бораётган бир пайтда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари янада огоҳ бўлишлари лозим. Экран ортидаги ширин сўзлар ҳаётни зулматга айлантирувчи хавфли тузоқ бўлиши мумкинлигини унутмаслик керак», — дейди Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаев.
Айни пайтда гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
