Саудия Арабистонида туялар паспортли бўлади!

Саудия Арабистонида туялар паспортли бўлади!

Саудия Арабистони миллионлаб туялар учун махсус паспортлар беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда давлат телеканали «Ал-Ихбория» хабар берди.

Мамлакат Атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу ташаббус туячилик соҳасида самарадорликни ошириш, шунингдек, ҳайвонлар бўйича ягона ва ишончли маълумотлар базасини шакллантиришга хизмат қилишини билдирди.

Вазирлик томонидан эълон қилинган тасвирларда давлат герби ва олтин рангли туя силуэти туширилган яшил рангдаги паспорт намойиш этилган. «Ал-Ихбория» хабарига кўра, ушбу ҳужжат туяларни сотиш ва харид қилиш жараёнларини тартибга солади, савдо ва ташишни назорат қилади, мулк ҳуқуқини расмийлаштиришни енгиллаштиради ҳамда эгаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Унга кўра, 2024 йил ҳолатига Саудия Арабистонида қарийб 2,2 миллион туя мавжуд. Туялар асрлар давомида Арабистон яриморолида асосий транспорт воситаси бўлиб келган, шу билан бирга, эгасининг ижтимоий мавқеини кўрсатувчи рамз ва даромадли наслчилик саноатининг муҳим қисми ҳисобланади.

Мамлакатда ҳар йили туяларнинг гўзаллик танловлари ўтказилади. Ушбу мусобақаларда иштирокчилар ҳайвонларга юз минглаб доллар сарфлашади. Сўнгги йилларда ташкилотчилар туяларга косметик аралашувлар, жумладан, лабларни осилтириш ёки ўркач шаклини сунъий ўзгартириш каби усулларга қарши қатъий чоралар кўрмоқда.

Туялар Арабистон яриморолида минг йиллар давомида муҳим ўрин тутиб келган. 2021 йилда ўтказилган тадқиқотлар Саудия Арабистони ҳудудидаги табиий катталикдаги туя тасвирлари туширилган қоятош расмларининг ёши қарийб 7000 йилга бориб тақалишини кўрсатган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: