Alphabet тарихий рекорд ўрнатди: даромад 400 млрд доллардан ошди
Google’га эгалик қилувчи Alphabet компанияси ўз тарихида илк бор йиллик даромадини 400 миллиард доллардан оширди. Бу ҳақда The Verge нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, бундай ўсишга Google Cloud булут хизматининг кенгайиши ҳамда YouTube платформасининг фаол ўсиши асосий сабаб бўлган. Компаниянинг 2025 йил тўртинчи чораги учун молиявий ҳисоботига кўра, йиллик даромад ўтган йилга нисбатан 15 фоизга ошган.
Ҳисоботда келтирилишича, Google Cloud бўлинмасининг йиллик даромади 70 миллиард долларга етган. YouTube эса реклама ва пулли обуналар ҳисобига 60 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган.
Шунингдек, компаниянинг пулли хизматларига обуна бўлган фойдаланувчилар сони ҳам кескин кўпайган. Google One ва YouTube Premium каби сервисларни ҳисобга олганда, умумий обуначилар сони 325 миллиондан ошган.
Сунъий интеллектга асосланган Gemini иловаси ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Ноябрь ойида Gemini 3 модели ишга туширилгандан сўнг, иловадан фойдаланувчилар сони 750 миллиондан ошган.
Бундан ташқари, Google қидирув хизматида ҳам рекорд қайд этилган. Сунъий интеллект режими жорий этилгандан кейин кунлик қидирув сўровлари икки баробарга кўпайган.
Компания келгусида Gemini ва AI Mode хизматларида автоматлаштирилган тўлов тизимини ишга туширишни режалаштирмоқда.
