МУФТИЙ ҲАЗРАТ: ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМГА ҲАМРОҲЛИК – ЭНГ ГЎЗАЛ БАХТ!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 6 февраль куни жума намозини Тошкент вилоятидаги «Занги ота» жоме масжидида адо этдилар. Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Расулуллоҳнинг жаннатдаги ҳамроҳлари” деган мавзуда манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада айтилганидек, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Жаннат юз даражадир. Ҳар икки даража ораси юз йиллик йўлдир (Аффон эса: «Осмон билан ер орасичалик», деган). Фирдавс жаннати уларнинг энг олий даражасидир. Жаннатнинг тўртта анҳори ундан чиқади ва унинг устида Арш бор. Агар Аллоҳ табарока ва таолодан (жаннатни) сўрасангиз, Фирдавсни сўранг” (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамроҳ бўлиш – инсон интилиши ва эришиши мумкин бўлган мукофотларнинг энг гўзалидир. Шу боис, Пайғамбаримиз алайҳиссалом мўмин-мусулмонларни ушбу юксак мартабага қизиқтириб, жаннатда у зотга яқин ва қўшни бўлишга сабаб бўлувчи бир қанча солиҳ ишларни ўргатганлар.
Мазкур мақомга эришиш учун Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиш ва муҳаббат қўйиш, ибодатларда бардавом бўлиш, етимларга ғамхўрлик кўрсатиш, кўп салавот айтиш, чиройли хулқ, фарзандларга гўзал тарбия бериш каби эзгу амалларни бажариш лозимлигини оят ва ҳадислар асосида шарҳлаб берилди. Фирдавс жаннатига эришиш, абадий ҳаётда Пайғамбар алайҳиссаломга ҳамроҳ ва яқин бўлиш йўллари тарғиб қилинди.
Маънавий-маърифий файзга йўғрилган суҳбат давомида бугунги кунда авж олган кибержиноятларнинг зарари, бу борада барчамиз хушёр бўлишимиз лозимлиги ва динимизда алдамчилик энг оғир гуноҳлардан саналиши эслатиб ўтилди.
Гўзал мавъиза сўнгида Ҳақ таолодан барча мўмин-мусулмонлар ушбу юксак мукофотга ноил бўлиши ва тўғри йўлда собитқадам қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
