Истанбулнинг “Фенербаҳче” клуби Элдор Шомуродовни олиши учун ҳатто «Манчестер Юнайтед»ни собиқ футболчисини сотишга тайёр!

Истанбулнинг “Фенербаҳче” клуби Элдор Шомуродовни олиши учун ҳатто «Манчестер Юнайтед»ни собиқ футболчисини сотишга тайёр!

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Туркиянинг “Башакшеҳир” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродовни таркибига қўшиб олиш учун Истанбулнинг “Фенербаҳче” клуби ярим ҳимоячи — Фред ва қўшимча 6 миллион евро таклиф қилган. Бироқ “Башакшеҳир” клуби бразилиялик футболчи ҳамда яна 10 миллион евро сўраган. Бу ҳақда туркиялик спорт журналисти Эрсан Сердал хабар берди.

Шунингдек, “Фенербаҳче” жамоасининг мухлисларидан иборат йирик саҳифалардан бирида Шомуродов трансфери учун Фред ва қўшимча маблағ берилиши борасида сўровнома ўтказилган.

ТРТ Спорт хабарига кўра, аввалроқ “Башакшеҳир” президенти Гоксел Кумушдоғ Шомуродовни сотиш режада йўқлигини маълум қилган.

Туркиялик спорт шарҳловчиси Эртем Сенер Элдор Шомуродов ва Фред ўртасидаги эҳтимолий алмашинув борасида ўз фикрларини билдирди:

“Шомуродовни Фредга алмаштириш бўлиши мумкинми? Шомуродов ҳақида гапиряпмиз — у Жаҳон чемпионатига борадиган футболчи. У ҳозир УЕФА Европа Лигасида ўйнай оладими? Албатта, ўйнайди. Шомуродов жуда катта ҳужумчи. Бу трансфер амалга ошиши мумкин. Фред ҳам ёмон футболчи эмас. Лекин ‘Фенербаҳче’да Шомуродов жуда кўп иш қила олади. У бир тегинишда аниқ зарба беришда жуда самарали эканини алоҳида таъкидлаш мумкин. У жарима майдонида тўп оёғига келиши биланоқ, жуда кўп ижобий фазилатларини намоён эта оладиган футболчи. Шомуродов ‘Фенербаҳçэъга жуда кўп нарса қўшиши мумкин. Бу клубда у кўп нарсани бошдан кечириши ва мухлисларга ҳам кўп қувонч улашиши мумкин. Ўзбек ҳужумчиси. Ахир у ‘Ромаъда нималар қилганини эслайсизми? ‘Ромаъда жуда севимли ҳужумчи эмасмиди? Яъни, у ерда юқори савиядаги ўйин намунасини кўрсатган футболчи. Буни албатта алоҳида қайд этиш керак”, дейди Сенер.
Аввалроқ, Туркия Суперлигасида чемпионлик учун кураш олиб бораётган “Фенербаҳче” Шомуродовни трансфер қилиш масаласида “Башакшеҳир” билан музокара ўтказгани хабар қилинган эди.

Унга кўра, “Башакшеҳир” футболчи билан хайрлашишга қарши эмас, бироқ Элдорнинг трансфери учун 20 миллион евро сўраган.

“Башакшеҳир” Шомуродов трансфери учун жами 5,7 миллион евро сарфлаган. Клуб мавсум бошида футболчини 3 миллион евро эвазига “Рома”дан ижарага олган эди. 2026 йил февраль ойида шартномадаги 2,7 миллион еврога сотиб олиш банди фаоллаштирилган. Шунингдек, келишувга кўра, футболчининг кейинги трансферидан олинадиган фойданинг 10 фоизи “Рома”га берилади.

Айни пайтда “Фенербаҳче” Туркия чемпионати турнир жадвалида 46 очко билан 2-поғонани эгаллаб турибди. Клуб етакчи “Галатасарой”дан 3 очкога ортда қолмоқда. Сентябрь ойидан бери жамоани германиялик Доменико Тедеско бошқариб келади.

Маълумот учун, Элдор Шомуродов 2025 йил ёзидан буён “Башакшеҳир” сафида тўп суриб келмоқда. Ҳужумчи шу вақтга қадар клуб таркибида 29 та учрашувда майдонга тушиб, 15 та гол ва 5 та ассист қайд этган. Айни пайтда у Туркия Суперлигасининг энг яхши тўпурари бўлиб, чемпионат доирасида 14 та гол ва 4 та ассист муаллифига айланган.

Эслатиб ўтамиз, Фред фаолиятини Бразилиянинг “Интернасьонал” клубида бошлаган. 2013 йилда у “Шактёр Донецк” клубига ўтиб, уч марта Украина Премьер Лигаси ғолиби бўлди. 2018 йилда “Манчестер Юнайтед”га келган ва 2023 йилда Англия Кубогини қўлга киритди.

32 ёшли футболчи доимий тарзда Бразилия терма жамоасига ҳам жалб этилган. У 2014-йилда асосий жамоада дебют қилган. Шунингдек, 2018 ва 2022 йилги Жаҳон чемпионатлари ҳамда 2021-йилги Копа Америка турнирларида иштирок этган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: