Бангладешда Нипаҳ вирусидан ўлим ҳолати қайд этилди — The Independent
Хабар берилишича, беморда дастлабки аломатлар жорий йилнинг 21 январ куни пайдо бўлган. Касаллик иситма, тутқаноқ, бош оғриғи билан кечган. Орадан бир ҳафта ўтиб аёл вафот этган.
Бемор билан алоқада бўлган 35 киши тиббий кузатувга олинган, уларнинг тест натижалари манфий чиққан. Янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаган.
Нипаҳ илк бор қарийб 30 йил аввал аниқланган бўлиб, хавфли вируслар тоифасига киради. У асосан, кўршапалаклар ва чўчқалар орқали юқади. Айниқса, кўршапалаклар тишлаган ёки тирнаган меваларни истеъмол қилиш, шу ҳайвонлар билан яқин ва мунтазам мулоқотда бўлиш вирус юқиш хавфини оширади. Шунингдек, айрим ҳолларда у одамдан одамга ҳам юқиши мумкин. Бу эса, асосан, бемор билан яқин алоқада бўлганларда кузатилади. ЖССТ Ҳиндистонда пайдо бўлган Нипаҳ вирусининг ўлим кўрсаткичи 40 фоиздан 75 фоизгача эканини маълум қилган.
Аввалроқ Нипаҳ вируси сабабли Ўзбекистонга Ҳиндистондан тирик ҳайвонлар ва қушларни олиб келиш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, мамлакатда Нипаҳ вируси билан касалланиш ҳолатлари ҳамда унинг ҳудудга кириб келиши қайд этилмаган. Шунингдек, Отабеков мамлакатдаги эпидемиологик вазият барқарор ва тўлиқ назорат остида эканини билдирган.
