Машарипов, Ўрунов, Сергеев… Нимага улар ҳар дақиқа уруш хавфи билан яшайдиган Эронда ўйнашмоқда?
Потенциал уруш хавфи, нотинч намойишлар ва сиёсий беқарорлик фонида ҳам футболчиларимизнинг Эронга йўл олаётгани — кўпчиликда анчадан бери турли саволлар туғдириб келмоқда. Сўнгги йилларда форс ўлкаси Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов, Одил Ҳамробеков, Рустам Ашурматов, Ўткир Юсупов ва Игор Сергеэйв каби терма жамоамиз етакчилари учун жозибали йўналишга айланди. Бунга асосий сабаб — молиявий шароитлар ва барқарор ўйин амалиёти, деб изоҳлайди агент Кова Тилавпур. Ростан ҳам шундайми?
Масалан, Суперлига-2025 тўпурари, терма жамоа ҳужумчиси Игор Сергеэв Россиянинг “Криля Советов” клубидан келган таклифни рад этиб, Эрон гранди – “Персеполис”ни танлади. Маълумотларга кўра, у 1,5 йиллик шартнома учун 1 миллион доллардан ортиқ маош олади.
Шунингдек, ҳимоячи Рустам Ашурматов ҳам Россиянинг “Рубин” клубидан Теҳроннинг “Истиқлол” жамоасига ўтди. Эронда унга ойига 50 минг доллар атрофида маош таклиф қилинган бўлиб, бу аввалги шартномасидан (Қозонда тахминан $15 минг доллар олган) анча юқори. Рустам “Рубин”да баъзи ўйинларда захирада қолаётгани, етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётгани учун ҳам Эронни танлаган.
Бундан ташқари, туғма истеъдод – Остон Урунов Эрон чемпионатидаги энг кўп маош олувчи легионерлардан бири ҳисобланади. Сал қолса Ҳожиакбар Алижонов ҳам Теҳронда кўриниш бериши мумкин эди, ҳимоячи 1 млн долларлик шартномани рад этиб, “Пахтакор”да қолиш вариантини танлаган.
Деярли 1,5 йилдан бери Эронда турли даражадаги нотинч намойишлар, Исроил ва АҚШ ҳарбий базалари билан “ракета отишмалари” бўлиб турибди. Шундай шароитда ҳам бу мамлакатга бораётган ва келгусида АҚШ, ҳамда Европа мамлакатларига виза олиш рискларини қабул қилаётган футболчиларимизнинг ягона мотиви бу – пул.
Санкциялар остидаги Эрон ҳукумати футболни қандай молиялаштирмоқда? Футболчиларга берилаётган катта маошларнинг аксар қисми ҳукумат ресурслари, нефть ва металлургия саноатидан келган даромадлар эвазига амалга оширилмоқда (сиз ҳам шу жойини қайсидир мамлакатга ўхшатдингиз-а?).
Хавфсизлик масаласида футболчилар ҳам ҳавотирланишини, аммо, агар уруш бошлангудек бўлса, АҚШ ракеталари аниқ ҳарбий ва сиёсий нишонларга йўналтирилишига ишонишмоқда. Футбол клубларининг базалари эса намойишлар ўтадиган ҳудудлардан узоқда, ҳимояланган ҳолатда эканлиги айтилади.
Ҳозирги Миллий терма жамоамиз асосий таркиб футболчиларининг деярли ярми Эрон чемпионатида тўп тепмоқда. Жаҳон чемпионати яқинлашар экан бундай мавзуларда ҳавотирларимиз ҳам, муҳокамаларимиз ҳам кўпайиши табиий.
futbgol.news
