Ерга “кўринмас кимёвий ёмғир” ёғмоқда!.. Йўғ-э, энди нима қламиз?!

Ерга “кўринмас кимёвий ёмғир” ёғмоқда!.. Йўғ-э, энди нима қламиз?!

Озон қатламини сақлаб қолишга ёрдам берган кимёвий моддалар энди сайёрани ҳеч қачон йўқолмаслиги мумкин бўлган барқарор ифлослантирувчи моддалар билан қопламоқда. Бу ҳақда “Advancing Earth and Space Sciences” томонидан эълон қилинган тадқиқотда сўз боради.

Ланкастер университети олимлари илк бор ушбу ифлослантирувчи модданинг дунё миқёсида қанча миқдорда тўпланганини ҳисоблаб чиққан. Таҳлилларга кўра, хлорфторуглеродларнинг (ХФC) ўрнини босган кимёвий моддалар ҳамда айрим анестетик газлар 2000–2022 йиллар оралиғида атмосферадан Ер юзасига тахминан 335,5 минг тонна трифлоратсетат кислота (ТФА) тушишига сабаб бўлган.

“Geophysical Research Letters” журналида чоп этилган тадқиқот муаммо ҳали энг юқори чўққисига етмагани ҳақида огоҳлантиради. хлорфторуглеродларнинг кўплаб ўринбосар моддалари ўнлаб йиллар давомида атмосферада сақланиб қолади, бу эса ТФАнинг атроф-муҳитга тушишда давом этишига имкон беради. Тадқиқотчилар ушбу манбалардан ТФАнинг йиллик ҳосил бўлиши 2025–2100 йиллар оралиғида энг юқори даражага етиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.

ТФА ҳавода гидрохлорфторуглеродлар (ГХФУ) ва гидрофторуглеродлар (ГФУ) парчаланиши натижасида ҳосил бўлади. Улар совутиш тизимларида кенг қўлланади, шунингдек инҳаляцион анестезик сифатида ишлатиладиган бирикмалар ҳам мавжуд. Ушбу моддалар босқичма-босқич муомаладан чиқарилаётган бўлса-да (Монреал протоколи ва кейинги Кигали келишуви асосида), уларнинг атмосферадаги умумий концентрацияси ўсишда давом этмоқда.

ТФА пер- ва полифторалкил моддалар (ПФАС) оиласига киради – улар сунъий кимёвий моддалар бўлиб, табиий парчаланишга жуда чидамли ва атроф-муҳитда ниҳоятда узоқ сақланиб қолиши сабабли “абадий” деб аталади.

Европа Кимё агентлиги ТФАни сув организмлари учун зарарли деб ҳисоблайди. Ушбу модда инсон қонида ва сийдигида ҳам аниқланган, Германиянинг Федерал кимёвий моддалар идораси эса яқинда ТФАни инсон репродуктив саломатлиги учун потенциал токсик модда сифатида таснифлашни таклиф қилди.

“Тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, ХФCларнинг ўринбосар моддалари, эҳтимол, атмосферадаги ТФАнинг асосий манбаи ҳисобланади. Бу зарарли кимёвий моддаларни алмаштиришда эътиборга олиниши керак бўлган кенгроқ хатарларни таъкидлайди”, дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифи Люси Харт.

Натижалар шуни кўрсатадики, Арктикада аниқланган ТФАнинг деярли барчаси ХФCларнинг ўринбосар кимёвий моддалари ҳисобига юзага келган, гарчи бу ҳудуд асосий чиқинди манбаларидан узоқда жойлашган бўлса ҳам.

“Тадқиқотлар Арктика муз ядроларида ТФА даражаси ошиб бораётганини аниқлаган эди ва бизнинг натижаларимиз илк бор ушбу чўкиндиларнинг деярли барчасини айнан шу газлар билан изоҳлаш мумкинлигини ишончли тарзда кўрсатди”, деди Харт.

Қутб ҳудудларидан ташқарида олиб борилган моделлаштириш эса автомобиллар кондиционер тизимларида кенг қўлланиладиган GFO-1234yf моддасининг атмосферадаги ТФАнинг муҳим ва эҳтимол, кенгайиб бораётган манбаига айланаётганини тасдиқлайди.

“Фторланган газлардан келиб чиқаётган ТФА даражасининг ошиши ҳайратланарли. ГФУдан фойдаланиш босқичма-босқич камайтирилаётган бўлса-да, бу ТФА манбаи биз билан ўнлаб йиллар қолади. ТФАнинг бошқа манбаларини тушуниш ва унинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш зарурати ниҳоятда долзарб”, деди профессор Райан Ҳоссайни.

Дўстларингизга ҳам юборинг: