Фермерлар ва уларнинг ишчиларининг фарзандларига олий таълимда имтиёзлар берилади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни қишлоқ хўжалигида янги ерларни ўзлаштириш ва соҳада илм-фанни ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди.
Маълум қилинишича, сўнгги беш йилда 826,5 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилган. 2030 йилгача эса яна 938 минг гектар яйлов ерларни ўзлаштириш ва ҳолатини яхшилаш режалаштирилмоқда.
Хусусан, 2026–2027 йилларда 620 минг гектар яйлов тикланиши, шундан 300 минг гектарига яйлов ўсимликлари экилиши, 130 минг гектарида эса суғориш қудуқлари ўрнатилиши кўзда тутилган. Бу орқали қарийб 1 миллион бош майда шохли мол боқиш имконияти яратилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория ва 2,5 мингдан ортиқ олимни ўз ичига олган ягона Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилиши кутилмоқда.
Кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Фермерлар ва уларнинг ишчилари фарзандларини олий таълимга жалб қилиш бўйича қатор имтиёзлар таклиф этилди. Жумладан, тест синовларида тўплаган баллари қабул параметрларига етмаган тақдирда ҳам, уларни камайтирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, еттита таълим йўналиши бўйича ўқиш давомийлигини 4 йилдан 3 йилга қисқартириш таклиф этилди.
