Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда инфратузилма ва таълимга $164 млн ажратади

Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда инфратузилма ва таълимга $164 млн ажратади

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва Ўзбекистон ўртасида инфратузилма ва таълим соҳаларини ривожлантиришга қаратилган икки йирик молиялаштириш битими имзоланди. Бу ҳақда банк расмий сайтида маълум қилинди.

Битимларни ИТБ президенти Муҳаммад Ал-Жассир ва Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров имзолашди.

Биринчи келишув 4Р40 Даштобо-Зомин-Бахмал-Ғаллаорол автомобил йўлини реконструксия қилиш лойиҳаси доирасида Ислом тараққиёт банки ажратаётган жами $192 млнннинг $70 млнлик босқичини назарда тутади.

Ушбу маблағ Жиззах вилоятида 4Р40 минтақавий автомагистралининг 143 километр қисмини таъмирлаш ва янгилаш, шунингдек 30 километр маҳаллий ҳамда қишлоқ йўлларини қайта тиклашга йўналтирилади.

Лойиҳа 200 минг аҳоли учун транспорт тирбандликларини бартараф этишга ва хавфсизликни оширишга қаратилган. М39 халқаро йўлагига олиб борувчи бу муҳим кириш йўлини модернизатсия қилиш бозорлар ва ижтимоий хизматларга кириш имкониятларини яхшилайди, шунингдек, минтақанинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини очиб беради.

Иккинчи битим СмартЕд таълим лойиҳаси доирасида $94,06 млн молиялаштиришни назарда тутади. Бу ИТБнинг ушбу ташаббусга йўналтирилган умумий $160,25 млнлик ҳиссасининг бир қисми ҳисобланади.

СмартЕд лойиҳаси мамлакат бўйлаб 58 та янги таълим муассасасини қуриш ва жиҳозлашни, шунингдек амалдаги мактабларга қўшимча 2 431 та синфхона қуришни назарда тутади.

Лойиҳа компетенсияга асосланган, инклюзив таълим тизимини яратишга қаратилган бўлиб, ҳар йили 72 930 нафар ўқувчига фойда келтиради.

Шунингдек, 36 115 нафардан ортиқ ўқитувчи ва маъмурий ходимлар учун махсус малака ошириш ва тайёргарлик дастурлари ташкил этилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: