Санитария-эпидемиология қўмитаси Тошкентдаги боғчаларда карантин жорий этилгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Санитария-эпидемиология қўмитаси Тошкентдаги боғчаларда карантин жорий этилгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги айрим таълим муассасаларида карантин жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг пойтахт бошқармаси ушбу маълумотга изоҳ берди.

«Ҳозирда Тошкент шаҳрида карантин эълон қилишга асос бўлиши мумкин бўлган хавфли юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарорлигича қолмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тилга олинган касалликлар (қизамиқ, менингит, гепатит, сил ва бошқалар) бўйича карантин жорий этишни талаб қиладиган ҳолатлар мавжуд эмас,» – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳар йили қиш мавсумида аҳоли орасида грипп ва ОРВИ билан касалланиш мавсумий равишда ортиб боради.

Шу муносабат билан таълим муассасаларида болалар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида эрталабки фильтр (кўрик), тана ҳароратини ўлчаш, касаллик белгилари бўлган болаларни вақтинча изоляция қилиш, ота-оналарга тавсиялар бериш каби профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Айнан шу филтрлаш тадбирлари айрим фуқаролар томонидан карантин деб нотўғри талқин қилинган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: