Қирғиз депутати Ўзбекистон ва Қозоғистон сув учун Қирғизистонга тўлов қилиши кераклигини айтди (Видео)
Депутат Умбетали Қидиралиев кеча, 9 февраль куни Қирғизистондан қўшни давлатларга оқиб бораётган суғориш суви учун ҳақ тўланадими-йўқми, деган масалани кўтарган. У бутун дунёда иқлим ўзгариб бораётгани ва сув танқислиги кучаяётганини таъкидлаган.
“Бизнинг сув омборларимиздаги гидроиншоотлардан сувнинг қарийб 80 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистонга кетмоқда. Бу масалани улар билан қандай ҳал қиляпмиз? Демак, Қирғизистон бу гидроиншоотларни сақлашдан иқтисодий фойда олмаяптими? Таъмирлаш керак, сувни ушлаб туриш керак, дамбаларни текшириш лозим – буларнинг барчаси харажат! Ҳатто АҚШ Канадага сув учун тўлайди, Германия Шветсияга тўлайди. Нега Қирғизистон ўз суви учун пул олмайди? Бу ахир халқаро ҳуқуқ масаласи”, деган Қидиралиев.
