Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 11 февраль — Халқаро илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар куни муносабати билан Форум бўлиб ўтди
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 11 февраль — Халқаро илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар куни муносабати билан “Иқтисодиётни барқарор ривожлантиришда олима аёлларнинг роли” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.
Мазкур форум Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциялари асосида ўтказилиб, унда аёллар ва қизларнинг нафақат илм-фан, балки жамият тараққиёти, ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий ислоҳотлардаги фаол иштироки масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Форумда республика ва хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, етакчи олима аёллар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда иқтидорли ёшлар иштирок этдилар.

Тадбир давомида олима аёлларнинг иқтисодий сиёсатни шакллантиришдаги илмий ёндашувлари, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга таклиф этаётган инновацион ечимлари, ҳудудлар ривожи, бандликни таъминлаш, инсон капиталини мустаҳкамлаш ва жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлашдаги ўрни атрофлича муҳокама қилинди.
Форум давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Оилада бир нафар қиз ўқиб, олий маълумотга эга бўлса, хонадондаги муҳит бутунлай ўзгаради” деган фикрлари алоҳида таъкидланиб, таълимли ва фаол аёлларнинг жамият тараққиётидаги ҳал қилувчи ўрни яна бир бор эътироф этилди.
