“Вақф” фондида ўзгариш: Сардор Раҳимхон лавозимдан кетди
2023-йилнинг ноябрь ойида “Вақф” фонди раҳбари ўринбосари, “Вақф” хайрия ишлари бўйича директори лавозимига тайинланган Сардор Раҳимхон ишдан кетгани тўғрисида маълум қилди.
“Азиз халқим биздан рози бўлинг, биргаликдаги бу эзгу ишларимиз, саховат, меҳр-оқибатларимиздан Аллоҳ рози бўлсин.
Охират куни иншааллоҳ ҳаммасини кўрасиз, ўша кунда бу амалларимиз, жаннатни ва жамолига васила бўлсин. Жондан азиз ватаним, миллатим учун эди ҳамма-ҳаммаси. Яна бир гўзал “Вақф” аталмиш саҳифа мен учун якунланди. Энди олдинда янги бошқа, гўзал бир саҳифа очилади иншааллоҳ”, деб ёзди Раҳимхон ўзининг Instagram саҳифасига.
Бундан аввал ҳам Сардор Раҳимхон меҳр-мурувват ишларини уюштириш, ногирон болаларга ёрдам қўлини чўзиш ва синовли кунларда кўнгли ярим инсонлар қалбига йўл топишда “Юрак амри” номли хайрия ишлари билан танилган эди.
