Спутник суратлари: АҚШ Эронга қарши ҳужумга тайёрланётганлигини кўрсатмоқда!
Reuters агентлиги томонидан февраль боши ва январь ўртасида олинган спутник тасвирлари қиёсий таҳлилига кўра, Қатарда жойлашган Ал-Удейд ҳарбий базасида сезиларли ўзгаришлар кузатилган.
Январь ойида ушбу база ҳудудида Яқин Шарқдаги жамоавий ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ–РҚМ) тизими доирасида Қўшма мудофаа операциялари маркази (Middle Eastern Air Defense – Combined Defense Operations Cell) ташкил этилгани маълум қилинган эди.
Нима ўзгарди?
Спутник суратлари Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига тегишли ракета учириш қурилмалари юк машинаси шассиларига ўрнатилган ҳолда жойлаштирилганини кўрсатмоқда.
Ракеталарни мобил платформага ўрнатиш уларни қисқа вақт ичида бир ҳудуддан бошқасига кўчириш имконини беради.
Шунингдек, тасвирларда минтақа бўйлаб АҚШ ҳарбий базаларида авиация ҳаракати фаоллашгани ва қўшимча ҳарбий техника жойлаштирилгани қайд этилган. Хусусан, Қатар, Уммон ва Иорданияда қўшимча ёнилғи қуйиш самолётлари ҳамда транспорт авиацияси жойлаштирилгани маълум бўлган.
Бундан аввал АҚШ минтақага, жумладан Исроилга ҳам қўшимча ҳаво мудофаа тизимларини юборгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Чоршанба куни Эрон президенти Пезешкиан мамлакат ядровий қуролга эга бўлиш ниятида эмаслигини яна бир бор таъкидлади.
«Биз бу ҳақда бир неча бор айтганмиз ва ҳар қандай текширувларга тайёрмиз», — деди у.
Шу билан бирга, у Эрон ортиқча талабларга ён босмаслигини ҳам қўшимча қилди. Айни пайтда, сўнгги ҳафталарда Эрон баллистик ракеталар захирасини жадал суръатларда кўпайтириб бораётгани таъкидланмоқда.
