Миллионлар ишлайдиган гўзаллар: дунёнинг энг қиммат 3 модели

Миллионлар ишлайдиган гўзаллар: дунёнинг энг қиммат 3 модели

Мода индустрияси — бу фақат ялтироқ журнал муқовалари ва подиумдаги намойишлар эмас. У миллиардлаб доллар айланмасига эга бўлган йирик саноат тармоғидир. Замонавий моделлар нафақат гўзаллик рамзи, балки кучли шахсий брендга айланган тадбиркор ҳамдир. Улар катта миқдордаги реклама шартномалари, бренд ҳамкорликлари ва ижтимоий тармоқлар орқали миллионлаб даромад топмоқда. Қуйида дунёда энг юқори ҳақ олаётган уч нафар машҳур модель ҳақида маълумот берамиз.

1. Кендалл Женнер

Кардашьянлар оиласи вакили Кендалл Женнер бир неча йилдан буён энг кўп ҳақ тўланадиган модель сифатида етакчиликни сақлаб келмоқда. У 2018-йилда бу мақомни қўлга киритган ва шундан бери юқори ўринларни бой бермаган.

Таҳлилларга кўра, унинг йиллик даромади ўртача 22 миллион доллар атрофида. Кендаллнинг карьераси 2010-йилда бошланган бўлса-да, оилавий реалити-шоу унинг машҳурлигига катта туртки берди. Бугун у Estée Lauder, La Perla ва Adidas каби йирик брендлар билан ҳамкорлик қилади ва ижтимоий тармоқлардаги реклама шартномаларидан ҳам салмоқли даромад олади.

2. Жизел Бюндхен

Бразилиялик супермодель Жизел Бюндхен расман подиумни тарк этганига қарамай, ҳамон энг бой моделлар қаторида. У мода оламида соғлом ва табиий гўзаллик образини оммалаштирган моделлардан бири сифатида эътироф этилади.

Жизел фаолияти давомида Ralph Lauren, Dolce & Gabbana, Versace ва Victoria’s Secret каби машҳур брендлар билан ишлаган. Айни пайтда у Carolina Herrera парфюмерия линияси, шунингдек Arezzo ва Vivara брендлари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.

3. Роузи Хантингтон-Уайтли

Британиялик модел Роузи Хантингтон-Уайтли бугунги кунда подиумда камроқ кўринса-да, молиявий жиҳатдан муваффақиятли фаолият юритмоқда. Унинг юлдузли карьераси 2004-йилда Нью-Йорк мода ҳафталигидаги дебютидан бошланган.

Роузи нафақат моделлик, балки актёрлик соҳасида ҳам ўзини синаб кўрган — у “Трансформерлар 3” фильмида иштирок этган. Ҳозирда унинг асосий даромад манбаи шахсий кийим бренди ва ижтимоий тармоқлардаги реклама лойиҳаларидир.

Замонавий моделлар фақат гўзаллик рамзи эмас — улар катта бизнес эгаларидир. Шахсий бренд, тўғри стратегия ва глобал ҳамкорликлар уларни мода оламининг энг даромадли юлдузларига айлантирмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: