Тошкент давлат иқтисодиёт университетида илмий соҳада юқори натижаларга эришган иқтидорли талабаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида илмий соҳада юқори натижаларга эришган иқтидорли талабаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2025/2026-ўқув йилида юксак академик кўрсаткичларга эришган ва илмий-тадқиқот фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган иқтидорли талабаларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар таркиби, стипендиатлар, уларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маросимни университет ректори, профессор Тўлқин Тешабаев кириш сўзи билан очиб, олийгоҳнинг интеллектуал салоҳияти йил саин ортиб бораётганини алоҳида эътироф этди. Ректор ўз нутқида мамлакатимизда ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар талабаларнинг замонавий билим ва компетенцияларни эгаллашларида асосий пойдевор бўлаётганини таъкидлади. Шунингдек, эришилган натижалар талабаларнинг шахсий изланишлари билан бир қаторда, уларга устозлик қилаётган илмий раҳбарларнинг методологик кўмаги ҳамда оилавий муҳитнинг қўллаб-қувватлаши натижаси эканлиги қайд этилди.

Жорий ўқув йилида университетнинг жами 25 нафар талабаси нуфузли давлат мукофотларига муносиб кўрилди:

2 нафар талаба – Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси;

1 нафар талаба – Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси;

1 нафар талаба – (университет тарихида илк бор) Беруний номидаги давлат стипендияси;

21 нафар талаба – Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибига айланди. Шунингдек, бир нафар талаба Президент гранти учун барча саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, грант соҳиби бўлгани алоҳида эътирофга лойиқ.

Тадбирда стипендиант талабаларга сертификатлар, уларнинг ота-оналари ва илмий раҳбарларига эса ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.

     

Маросимда университет талабаларининг 2025 йил давомида халқаро майдонлардаги фаоллиги ҳам сарҳисоб қилинди. Хусусан, “ИНТАХ-2025” халқаро солиқ танловидаги ғолиблик, “ОМОУС-2025” математика олимпиадасидаги 9 та медаль ҳамда XV Евроосиё ёш иқтисодчилари форумидаги рекорд даражадаги 13 та медаль университетнинг халқаро академик нуфузини янада мустаҳкамлади.

ТДИУ бугунги кунда Марказий Осиёда иқтисодиёт ва бошқарув соҳалари бўйича етакчи интеллектуал марказ (ҳуб) сифатида шаклланмоқда. Таълим дастурларининг халқаро аккредитациядан ўтказилиши ҳамда ТОП-300 рейтингидаги университетлар тажрибасининг миллий тизимга интеграция қилиниши талабаларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминламоқда. Биргина ўтган йил якунларига кўра, иқтидорли ёшлар томонидан 1400 га яқин илмий мақола ва 2000 дан ортиқ тезислар эълон қилингани университетдаги илмий муҳитнинг нақадар юқори эканлигидан далолат беради.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: