Туркия соғломлаштириш туризми бўйича энг яхши йўналиш деб топилди
Бугунги кунда саёҳат йўналишлари жадал ривожланиб борар экан, сайёҳлар энди фақат янги манзилларни кўриш билангина кифояланмай, мазмунли ва фойдали дам олишга тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. Айниқса, соғломлаштириш туризми қадимий шифо анъаналари, табиат билан уйғун одатлар ҳамда танани парваришлаш ва янгиланишга қаратилган дам олиш дастурлари асосида оммалашиб бормоқда. Бундай саёҳатлар инсонни нафақат ҳордиқ чиқаришга, балки руҳий ва жисмоний янгиланишга ҳам ундайди. Ана шундай имкониятлари билан Туркия Matador Network Travel Awards томонидан 2025 йилнинг энг яхши соғломлаштириш йўналиши сифатида эътироф этилди.
Туркиянинг қишки анъанаси: табиий термал булоқларда мангу соғломлик
Қадимий даврлардан мерос бўлиб келаётган шифо анъаналари Туркияни дунёнинг энг қадимий соғломлаштириш масканларидан бирига айлантирган. Бир пайтлар Ҳиераполис ва Бергама каби машҳур шифо марказлари жойлашган Онадўли ўлкаси минг йиллар давомида термал сувларнинг даволовчи қудрати билан шаклланиб келган. Бугунги кунда Туркия мамлакат бўйлаб 1500 дан ортиқ термал манбага эга бўлиб, термал ресурслар бойлиги бўйича дунёда еттинчи, Европада эса биринчи ўринни эгаллайди. Афёнкараҳисар, Бурса ҳамда Памуккале сингари машҳур манзиллар эса Туркиянинг бой ва узлуксиз термал меросини акс эттирувчи Европанинг тарихий термал шаҳарлар йўналиши таркибига киради.
Афёнкараҳисар минералларга бой сувлари ҳамда анъанавий равишда қаришга қарши таъсири ва соғлиқ учун фойдаси юқори баҳоланадиган шифобахш лой ванналари билан машҳур. Бурсанинг асрларга бориб тақаладиган термал маданияти эса табиий булоқларни физиотерапия орқали замонавий тиббий хизматлар билан уйғунлаштиради.
ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Памуккале ва қадимий Ҳиераполис шаҳри минералларга бой оқ травертин қоялари ҳамда шифобахш ҳовузлари билан асрлар давомида соғлик ва гўзаллик излаган сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Бундан ташқари, Баликесир, Ялова, Айдин, Болу ҳудудлари йил давомида табиий равишда барқарор сув ҳароратига эга бўлган кўплаб термал шаҳарча ва курортлари билан ажралиб туради.
Спа мажмуалари ва ҳаммомлар: янгиланиш макони
Туркия асрлар давомида шаклланиб келган ҳаммом маданияти билан донг таратган. Шу боис соғломлаштириш йўналишидаги деярли ҳар бир саёҳат анъанавий турк ҳаммоми билан чамбарчас боғлиқ. Тарихий ҳаммомларда буғли ванналар, тери тозалаш ҳамда бўшаштирувчи совунли уқалашлар орқали нафақат тана, балки руҳ ҳам янгиланади.
Айнан шундай бетакрор муҳит ва тарихий илдизлар Зейрек Чинили ҳаммомини халқаро миқёсда танитди. Мазкур маскан Тиме журналининг “2024 йилнинг дунёдаги энг яхши жойлари” рўйхатидан ўрин олди, шунингдек National Geographic томонидан эълон қилинган “2026 йилнинг дунёдаги энг яхши соғломлаштириш тажрибалари” рўйхатига ҳам киритилди.
Замонавий дам олишни афзал кўрадиганлар учун эса Туркия шаҳарлари ва денгиз бўйидаги курортлар спа ва соғломлаштириш марказлари орқали кенг имкониятлар яратади. Бу ерда анъанавий ҳаммомлар сауналар ва жакузилар билан уйғунлашиб, массажлар, денгиз суви асосидаги муолажалар ҳамда шахсий мураббийлар билан олиб бориладиган машғулотлар билан бойитилади.
Табиат қўйнидаги сокин ҳордиқ
Соғлом турмуш тарзини танлаганлар кундалик шовқиндан йироқлашиб, табиат бағрида дам олиш имконини берадиган масканларга тобора кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Денгиз бўйидаги Бодрум, Фетҳие ва Анталия атрофидаги ҳудудларда сокин муҳит ҳукм суриб, ёга машғулотлари, органик маҳсулотларга асосланган таомлар ва танани тинчлантирувчи машқлар кундалик чарчоқларни енгишга ёрдам беради.
Туркиянинг Cиттаслоw тармоғига кирувчи шаҳарчалари ва энг яхши туризм қишлоқлари табиат ва маҳаллий турмуш тарзи билан уйғун, сокин ҳаёт суръатини акс эттиради.
Алоҳида тилга олинадиган яна бир ҳудуд — Қора денгиз минтақаси. Яшил яйловлари, ёғоч уйлари ва туманли тоғлари билан бу ўлка сокинликни қадрлайдиганлар учун ўзига хос манзил ҳисобланади. Бу ерларда табиат қўйнида пиёда сайр қилиш ёки велосипедда юриш ўзгача завқ бағишлайди.
